Жаҳон | 22:54 / 01.10.2020
4642
1 дақиқада ўқилади

COVID-19 жаҳон туризм саноатини 20 йил ортга қайтариши мумкин — БМТ

Туризм COVID-19 пандемиясидан энг кўп зарар кўрган соҳа бўлди. 120 миллион иш ўрни хавф остида бўлиши ва иқтисодий йўқотишлар 1 триллион доллардан ошиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Фото: Reuters

БМТ Жаҳон туризм ташкилоти коронавируснинг соҳага таъсирига оид янги ҳисоботни эълон қилди. Унда 120 миллионгача сайёҳлик иш жойлари хавф остида экани ва фақатгина 2020 йилдаги иқтисодий йўқотишлар 1 триллион доллардан ошиши мумкинлиги айтилган.

«Сайёҳлик соҳаси муносиб иш ўринлари, барқарор даромадлар, маданий ва табиий меросимизни ҳимоя қилишдаги ўз мавқейини тиклаши учун уни қайта қуришимиз шарт», – деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

БМТ раҳбари туризмни иқтисодиётнинг энг муҳим соҳаларидан бири сифатида юз миллионлаб одамларнинг ҳаётини таъминловчи, иқтисодиётни рағбатлантириш ва мамлакат фаровонлигини таъминлашдаги ролини алоҳида таъкидлаган.

Карантин чекловлари барқарор эмаслигидан келиб чиқиб, Жаҳон туризм ташкилоти халқаро туризмдан келадиган тушум (яъни, халқаро сайёҳлар харажатлари) жорий йилда 910 миллиард доллардан 1,2 триллион долларга тушишини тахмин қилмоқда. Бу эса жаҳон туризм саноатини 20 йил ортга қайтаради.

Мавзуга оид