Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шофирконда ҳосилдорлиги паст пахта ва ғалла майдонлари тугатилади
2020 йил 1 майдаги президент қарорига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизими жорий этилганди. Унга кўра, Бухоро вилояти Шофиркон тумани республикамизда фаолияти «қониқарсиз»га баҳоланган 33 ҳудуддан бири сифатида қайд этилган.
Халқ депутатлари Шофиркон туман кенгашининг навбатдаги сессияда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган вазифалар бўйича йўл харитасини тақдим этишди. Туман ҳокими Шукрулла Ҳакимов қандай омиллар сабабли туманнинг «қизил» ҳудудлар рўйхатига қўшилиб қолганлигига изоҳ берди.
Биринчидан, ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 2019 йилда 340,7 миллиард сўмни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига 1,9 миллион сўмдан тўғри келган. Бу кўрсаткичнинг вилоят саноатидаги улуши атиги 0,6 фоизни ташкил қилган.
Иккинчидан, 2019 йилда экспортга йўналтирилган саноат маҳсулотлари ҳажми 5,41 миллион долларни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 29 доллардан тўғри келган.
Учинчидан, туманда меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан банд бўлмаган қисми кўпчиликни ташкил этади. Таҳлиллар даврида тумандаги ишсизлар сони 7 200 нафардан ошгани маълум бўлган.
Тўртинчидан, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласи ҳам туманнинг оғриқли нуқталаридан бўлиб турибди. 2019 йилда жами мурожаатларнинг фақатгина 25 фоизи қаноатлантирилган.
Қайд этилишича, туманда иқтисодий ва ижтимоий соҳалар ривожлантириш бўйича ҳам ишлар қилинмоқда. Хусусан, туман ҳокими Ҳакимовнинг айтишича, саноат ишлаб чиқарилишининг сустлига туманда энергия ресурсларининг беқарорлиги сабаб бўлмоқда. Шофирконда электр энергия таъминотидаги узилишлар, газ босимининг пастлиги сабаб ўз ишини йўлга қўйиб олган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини Ғиждувон тумани, Когон ва Бухоро шаҳрида давом эттиришга мажбур бўлмоқда. Туманнинг чекка ҳудудда, магистрал ва темир йўллардан (энг яқин станция 30 км) олисда жойлашгани ҳам иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилмоқда.
Ҳудудда етиштирилаётган пахта маҳсулотларини шу ернинг ўзида қайта ишлаш имконияти ҳам мавжуд эмас. Бугунга қадар етиштирилган пахта бошқа туманларда қайта ишланган. Туман географик жойлашув жиҳатидан кўпроқ қисми чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, асосан пахта ва ғаллага ихтисослашган. Боғдорчилик, чорвачилик, сабзавотчилик кластерлари, йирик иссиқхона хўжаликлари ташкил этилмаган.
Юқоридаги йўл қўйилган камчиликлардан келиб чиқиб, тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш ва туманни ривожлантиришга туртки бўладиган йўналишларни белгилаб олинган. Туманнинг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ошириш ва интенсив боғлар ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Нисбатан ҳосилдорлиги паст бўлган фермер хўжаликлар ҳисобида бўлган камида 2 минг гектар экин ерларини оптималлаштириш ҳисобига «Шершам Боғбон» МЧЖ негизида узумзорлар ташкил этилади. Умумий қиймати 170 миллиард сўмлик ушбу лойиҳанинг реализация қилиниши натижасида 2 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. Камида 15 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинади.
Туманнинг «Ғалаба», «Ҳамробой» ҳамда «Осиё» массивларида жойлашган ҳосилдорлиги паст пахта ва ғалла экиладиган майдонлар тугатилиб, чорва моллари учун озуқа экиладиган майдонларга айлантирилади. «Шофиркон Ҳалол Гўшт Сут Савдо» МЧЖ негизида лойиҳа қиймати 20,6 миллиард сўмлик чорвачилик кластерини ташкил қилинади.
Мавзуга оид
09:57 / 12.05.2026
Пахта ва буғдой етиштирувчиларга янги молиявий имтиёзлар берилади
08:07 / 15.04.2026
Дунёда энг кўп пахта етиштирувчи давлатлар рейтинги эълон қилинди
12:15 / 14.03.2026
2026 йилда пахтани машинада териш улуши 70 фоизга етказилади
20:58 / 21.02.2026