Жаҳон | 21:49 / 06.10.2020
29675
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон бош вазири ва парламент спикери истеъфо берди  

Қирғизистон бош вазири Кубатбек Боронов ва парламент спикери Достон Жумабеков истеъфо берди. 

Кубатбек Боронов Фото: kabar.kg

Боронов истеъфога чиқиши ҳақидаги аризани президент Сооронбай Жээнбеков номига йўллаган. Жээнбеков истеъфони қабул қилгани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Бош вазирнинг истеъфога чиқиши республикадаги норозиликлардан кейин мухолифат томонидан ташкил этилган мувофиқлаштирувчи кенгашнинг талабларидан бири бўлган.

Июнда радиочастоталарнинг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ можаро сабабли истеъфога чиққан Муҳамматкалий Абилгазиев ўрнига бош вазир этиб тайинланган Кубатбек Боронов ўзини “техник бош вазир” деб атаган ва парламент сайловларидан кейин бош вазир лавозимидан кетишини таъкидлаб келган.

Боронов ўрнига вақтинчалик бош вазир этиб собиқ депутат, Қирғизистондаги охирги воқеалар давомида колониядан озод этилган Садир Жапаров тайинланди. Унинг номзодини шошилинч йиғилишга тўпланган депутатлар маъқуллашган. 

Ушбу йиғилишда Қирғизистон парламенти спикери Достон Жумабеков ҳам истеъфо бергани маълум бўлган. Жумабековнинг партияси сайловлар ғолиблари орасида бўлган. Унинг ўрнини депутат Миктибек Абдилдаев эгаллаган.

Мавзуга оид