Ўзбекистон | 15:50 / 07.10.2020
35850
2 дақиқада ўқилади

Расул Кушербаев: Йўлдошева иши — бизга ҳам жиддий сигнал

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсга олиниши жуда жиддий сигнал, деб ҳисоблайди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. У шу масала бошқалар учун хулоса чиқариб оладиган иш бўлганини таъкидлади.

5 октябрь куни Kun.uz'га интервью берган Расул Кушербаев суҳбат давомида шифокор Гулжаҳон Йўлдошева масаласига муносабат билдирди.

«Тергов жараёнларига четдан баҳо берган ҳолда, шуни айтишим мумкинки, уни аёл киши эканлигини ҳисобга олиб, судгача бўлган вақтда қамоқ эҳтиёт чораси қўллашни кераги йўқ эди. (Суҳбат уюштирилган пайтда шифокор ҳали ҳибсхонада бўлган, унга нисбатан эҳтиёт чораси 6 октябрь куни уй қамоғига ўтказилди - таҳр.) Болалари вояга етмаган экан қандай қилиб болаларини ташлаб суддан қочишга уриниши мумкин. Бу биздаги тергов жараёнларини инсонпарвар эмас, балки кўпроқ зулмкор эканлигининг исботи бўлса керак. Агар қийналса, янада кўпроқ нарсаларни бўйнига олади, деб ўйлашса керак. Бундай вазиятларга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман», — дейди у. 

Коронавирусга чалинган бемор ўлими ва 250 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланиб қамоққа олинган Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 6 октябрь куни ҳибсхонадан озод этилди, унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси суд ажрими билан уй қамоғига алмаштирилди.

Йўлдошеванинг яқинларига кўра, суд ажримида унга тергов якунига қадар ОАВга интервью бериши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Аввалроқ, бошқа жиноят иши доирасида судланувчи депутат Расул Кушербаевга нисбатан прокуратура томонидан кўрсатма олишга ҳаракат бўлганини иддао қилганди. Гарчи бу гаплар судда ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, депутат прокуратура органлари билан носоғлом муносабатда бўлиб келганини билдирган

Мавзуга оид