19:38 / 09.10.2020
53899

Алмазбек Атамбаевга суиқасд қилинди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга суиқасд қилинди. Бу ҳақда унинг маслаҳатчиси Қундуз Жолдубаева маълум қилди. 

Жолдубаева Facebook’да Атамбаев иштирокидаги видеони эълон қилган. Унда собиқ президент ўз автомобилидаги ўқ изларини кўрсатган. Жолдубаеванинг таъкидлашича, Атамбаевнинг машинасига жанговар ўқлар узилган, собиқ президентга шикаст етмаган. 

“Ахир резина ўқлар билан зирҳни тешиб ўтиш мумкинми, Mercedes эса тешиб ўтилган”, деб айтади Атамбаев видеода. Собиқ президентдан “Бу сизни йўқ қилишга уриниш бўлди, деб ҳисоблаяпсизми?” деб сўралганда, “Нима деб ўйлайсан, машинамга жанговар ўқлар билан яна нимага отишлари мумкин?”, деб жавоб қилган.

 

 

9 октябрда Бишкекда бир нечта намойишлар ўтган, улардан бирида Атамбаев ва унинг тарафдорлари иштирок этган. Атамбаев ўз чиқиши вақтида мамлакатда юз бераётган воқеаларни “учинчи инқилоб” деб атаган ва ҳокимиятга қайтишни кўзламаётганини ҳамда ҳеч қандай лавозимларни эгалламоқчи эмаслигини таъкидлаб ўтган.

“Агар менга ҳокимият керак бўлганда, иккинчи муддатга қолган бўлардим. Кўпчилик, жумладан Марказий Осиё ва ҳаттоки Европа давлатлари етакчилари қолишимни сўрашганди. Мен атайлаб ўрнак кўрсатдим [ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича] ва бошқа одам учун ташвиқот юргиздим. Менинг айбим шуки, атрофимдаги одамларга ишонгандим”, деб айтган собиқ президент. Атамбаевнинг таъкидлашича, унга “на ҳокимият, на курси эмас”, балки халқ келажаги муҳимдир.

Бироздан кейин Атамбаев тарафдорлари томон собиқ депутат, парламент томонидан бош вазир лавозимига илгари сурилган Садир Жапаров тарафдорлари йўнала бошлаган ва икки томон ўртасида тўқнашувлар бошланган. Натижада Атамбаев ва у билан бирга бўлган собиқ бош вазир Омурбек Бабанов Ала-Тоо майдонини тарк этишган. Улар машинага ўтиришганда, номаълум шахс машинага қарата бир неча марта ўқ узган. 

Бишкек ички ишлар бош бошқармаси ҳозирча ушбу воқеага изоҳ бермаган. 

Бундан ташқари, Ала-Тоо майдонида юз берган тартибсизликларда “Ата Мекен” партияси етакчиларидан бири Тилек Токтогазиев яраланди. Таъкидланишича,  Токтогазиевга тош теккан ва унинг тарафдорлари сиёсатчини ҳушсиз ҳолатда шифохонага етказишган. 

Аввалроқ Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат режимини киритди ва шаҳарга қўшинлар олиб киришни буюрди. Ушбу режим маҳаллий вақт билан 9 октябрь соат 20дан бошлаб амал қила бошлайди ва 21 октябргача давом этади. Шунингдек, оммавий тадбирлар, жумладан иш ташлашлар, намойишлар, кўча юришлари, йиғилишлар ўтказишга тақиқлов киритилган.  

Мавзу
Қирғизистонда ҳукумат алмашинуви
Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган мухолиф партиялар инқилоб амалга оширишди.
Барчаси
Top