Бишкекда вазият барқарорлашгани маълум қилинди
5 октябрдан бери турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар ва тартибсизликлар юз бераётган Бишкекда вазият барқарорлашди. Бу ҳақда Қирғизистон пойтахти комендатурасида маълум қилинди.
Таъкидланишича, айни вақтда шаҳарда вазият барқарорлашган, у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар томонидан назорат қилинмоқда. Бундан ташқари, тартибни сақлашда халқ дружиналарининг бир неча минг вакили ёрдам бермоқда. “Комендантлик соати амал қилишининг биринчи куни пойтахтда жиддий қоидабузарликлар қайд қилинмади”, деб маълум қилинган комендатурада.
Ижтимоий тармоқларда маълум қилинишича, 10 октябрда Қирғизистон бош вазири этиб тайинланган Садир Жапаров тарафдорлари пойтахтда соат 21дан соат 5гача комендантлик соати амал қилишига қарамай, ушбу воқеани Ҳукумат уйи ёнидаги майдонда соат 23гача нишонлашган.
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг қарори билан 9 октябрдан Бишкекда фавқулодда ҳолат режими киритилганди. Шаҳарга қўшинлар ва ҳарбий техника киритилган, блокпостлар ўрнатилган, фуқароларнинг шаҳарга кириш-чиқиши чекланган, соат 18дан кейин спиртли ичимликлар сотиш, оммавий тадбирлар, жумладан митинглар ўтказиш тақиқланган. Бундан ташқари, ОАВ фаолияти чекланган, комендатурага сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатиш ҳуқуқи берилган.
Айни вақтга келиб Бишкекда деярли барча шаҳар хизматлари одатдаги тартибда фаолият юритмоқда, жамоат транспорти ишламоқда, кўчаларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
4 октябрда Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловларидан кейин парламентга ўта олмаган партиялар вакиллари томонидан Бишкекда тартибсизликлар уюштирилган, давлат идоралари бинолари эгаллаб олинганди. Тергов изоляторидан собиқ президент Алмазбек Атамбоев ва бошқа сиёсатчилар озодликка чиқарилган. Натижада марказий сайлов комиссияси сайловлар натижаларини бекор қилган.
Қирғизистон президенти партиялар етакчиларини қонун доирасида ҳаракат қилишга чақирган ва бош вазирни истеъфога чиқариш ҳақида фармонни имзолаган ҳамда бир қатор куч тузилмалари раҳбарларини ўзгартирган.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024