Жаҳон | 19:47 / 12.10.2020
31185
9 дақиқада ўқилади

2020 йилги Нобел мукофотининг барча совриндорлари маълум бўлди

5 октябрь куни Швеция ва Норвегияда Нобел ҳафталиги бошланди ва 12 октябрь куни ниҳоясига етди. Ушбу ҳафталик давомида нуфузли мукофотнинг 2020 йилги совриндорлари эълон қилинди.

Фото: DPA/ТАСС

Тиббиёт

Стокҳолмдаги Нобел қўмитаси 5 октябрда тиббиёт йўналишидаги ғолиблар номини эълон қилди. Мукофот С гепатити вирусини топган америкалик Ҳарви Олтер ва Чарлз Райс ҳамда британиялик Майкл Ҳоутонга берилди.  

Ушбу вирус одамларда ва шимпанзеда C гепатити касаллигини келтириб чиқаради. У 1989 йилда топилган бўлиб, шимпанзеда А гепатити ёки В гепатитига ўхшаш касалликни келтириб чиқарган, аммо улардан биронтаси бўлмаган вируснинг ДНК нусхасини клонлаш орқали аниқланган.

Олтер, Райс ва Ҳоутоннинг тадқиқоти ушбу вируснинг аниқланишида муҳим роль ўйнади. Олтер АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институтларидаги ҳамкасблари билан биргаликда қон қуйилган беморларда гепатит ҳолатларини ўрганиб чиқди. Олимлар маълум бўлган А ва В гепатитлари билан бир қаторда, уларга ўхшаш яна бир касаллик мавжудлигини исботлади. Ўшанда номаълум қўзғатувчи уни шимпанзеларга юқтириши мумкинлиги аниқланди. Касаллик «на А, на В» гепатит деб номланган.

Майкл Ҳоутон ушбу номаълум касалликнинг генетик асосини ажратиш устида ишлаган.

Физика

6 октябрь куни англиялик физик Рожер Пенроуз, германиялик астрофизик Райнҳард Генцел ва америкалик астроном Андреа Гез физика бўйича мукофотга лойиқ деб топилди. Пенроуз ушбу мукофотга қора туйнукларнинг пайдо бўлиши умумий нисбийлик назариясининг ишончли башорати эканлиги, Генцел ва Гез эса Сомон йўли марказида супермассив ихчам объект топилганлиги учун сазовор бўлди.

Умумий нисбийлик назариясига кўра, қора туйнуклар - улкан тортишиш кучига эга космик объектлар бўлиб, улар ҳақиқатан мавжуд. Бироқ ҳатто ушбу назариянинг яратувчиси - Алберт Эйнштейн ҳам бунга ишонмаган. 1965 йилда бўлажак нобелиат Рожер Пенроуз қора туйнуклар ҳақиқатан ҳам мавжудлигини исботлади ва уларнинг тузилишини батафсил баён қилди.

Бошқа икки совриндор - Андреа Гез ва Райнҳард Генцелнинг илмий ютуқлари Галактика марказида жойлашган супермассив объект билан боғлиқ - астрономлар уни Қавс А* деб аташади. Ушбу объект қора туйнук бўлиб, у Қуёшдан 4 миллион мартадан кўпроқ оғир, қизиб турган газ булути билан ўралган.

Оптик телескоплар учун Қавс А* кўринмасдир, олимлар унинг мавжудлиги ҳақида жуда «ёрқин» радионурланиш орқали билиб олди, кейин эса бошқа спектрларда нурланишни аниқлаш орқали унинг мавжудлигини тасдиқлади. Гез ва Генцел бошчилигидаги илмий гуруҳлар ушбу объектни газ булутлари орқали қандай кўриш мумкинлигини аниқлай олди.

Кимё

7 октябрь куни кимё бўйича Нобел мукофоти геномни таҳрирлаш усулини кашф этган олимларга топширилди.

Ҳозирда Германияда ишлайдиган франциялик микробиолог Шарпантье ва америкалик биокимёгар Женнифер Дудна (Калифорниядаги Беркли университети) бир неча йил аввал бактерияларнинг вируслардан ҳимояланишда ёрдам берадиган молекуляр "иммунитет"ини кашф қилишганди. Уни турли организмларнинг геномларини юқори аниқликда таҳрирлашда қўллашга муваффақ бўлинди. Ҳозирда бутун дунёдаги олимлар оғир касалликларни даволаш усулларини топиш учун "геном муҳаррири"дан фойдаланмоқда.

Шарпантье ва Дудна кейинги йилларда Нобел мукофоти олишга асосий номзодлар сифатида эслаб келинган.

Адабиёт

8 октябрда адабиёт бўйича Нобел мукофоти америкалик шоира Луиза Глюкка берилди. Швеция академияси унинг «мавжудликни ўз қатъий гўзаллиги билан универсал қиладиган шеърий овози»ни юқори баҳолади.

Глюк 1943 йилда Нью-Йоркда туғилган. У Америка санъат ва адабиёт академиясининг аъзоси, ижодий ишлари учун АҚШда бир неча бор юқори мукофотларга сазовор бўлган – Америка шоирлар академияси мукофоти (1968 йил), Миллий танқидчилар жамияти китоб мукофоти (1985 йил), Пулицер мукофоти (1993 йил), Боллинген мукофоти (2001 йил). 2003-2004 йилларда АҚШнинг шоира лауреати бўлган.

У Колумбия университетига ўқишга кирган, аммо таълим жараёнини тамомламаган. Кейинчалик Глюк Уильямстаундаги (Массачусетс штати) Уилямс коллежи, Йел, Бостон ва Айова университетларида, Вермонтдаги Годдард коллежида инглиз тилидан дарс берди, у Йел университетининг профессори ҳисобланади.

Тинчлик

9 октябрь куни шахс ёки шахслар эмас, дунё бўйлаб очарчиликдан азият чекаётганларга озиқ-овқат етказиб берадиган БМТнинг инсонпарварлик ташкилоти - Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (World Food Programme (WFP) 2020 йилги Нобел тинчлик мукофоти соҳиби деб топилди.

Норвегия Нобел қўмитаси қарорига кўра, WFP «очарчиликка қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, можаролардан зарар кўрган ҳудудларда яшаш шароитларини яхшилашга қўшган ҳиссаси ҳамда уруш ва можароларда очарчиликни қурол сифатида ишлатмасликнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатидаги ишлари учун» мукофотга сазовор бўлди.

«Бу йилги мукофот билан Норвегия Нобел қўмитаси дунё эътиборини очарчиликдан азият чекаётган ёки очарчилик хавфига дуч келган миллионлаб одамларга қаратишни хоҳлайди», - дейилди қўмита томонидан.

Қўмита 2020 йилда бутун дунёга тарқалган COVID-19 коронавирус инфекцияси шароитида қатор минтақаларда очарчилик хавфи кучайганлигини таъкидлади.

Иқтисодиёт

Ва ниҳоят, 12 октябрда америкаликлар Пол Милгром ва Роберт Уилсон кимошди савдоси назариясини такомиллаштиргани ва янги аукцион шаклларини ихтиро қилганлиги учун иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти берилди.

Ушбу мукофотни Нобелнинг ўзи эмас, балки Швеция Банки 1969 йилда таъсис этган.

Етмиш икки ёшли Милгром ва саксон уч ёшли Уилсон ишлаб чиққан кимошди савдоси назарияси харидорлар одатда нима учун кимошди савдосида ўзлари ҳисоблаганидан кўра пастроқ нарх таклиф қилишларини изоҳлаб беради.

Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти ғолиблари номини эълон қилиш билан Нобел ҳафталиги ниҳоясига етди.

Нобел мукофоти тўғрисида қизиқарли фактлар

  • Нобел қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилда тинчлик бўйича мукофотга 318 номзод даъвогарлик қилди. Улардан 211 нафари жисмоний шахслар, 107 таси эса ташкилотлар бўлди.
  • 2020 йилда Нобел мукофотининг миқдори ўтган йилга нисбатан 1 миллион швед кронасига кўпайтирилиб, 10 миллионга етказилди (1,12 миллион доллар). 
  • 2018 йилда Нобел адабиёт қўмитаси жинсий можаро фонида тарқатиб юборилганлиги сабабли ушбу йўналишда мукофот берилмаган.  
  • 1901 йилдан 2019 йилгача адабиёт бўйича Нобел мукофоти 112 марта топширилган. Етти марта Нобел қўмитаси ва Швеция академияси мукофотга муносиб номзодлар йўқ деган қарорга келган. Бу ҳолатларнинг аксарияти Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари вақтига тўғри келади.
  • 2020 йилгача 113 киши, шу жумладан 15 нафар аёл адабиёт бўйича Нобел мукофотини олган. Ҳеч ким бир мартадан кўп лауреат бўла олмаган.
  • Энг кўп марта мукофотни Франциядан ёзувчилар олган, аммо лауреатларнинг аксарияти (113 нафардан 29 нафари) ўз асарларини инглиз тилида ёзган. Бундан ташқари, Нобел мукофоти совриндорлари асарлари ёзилган ўнта тил орасида француз (15), немис (14), испан (11), швед (7), италян (6), рус (6) поляк (5) ва бошқа тиллар бор.
  • Мукофот бериш пайтида Нобел мукофоти совриндорларининг ўртача ёши 65 ёшни ташкил этган. Энг «ёш» лауреат Редярд Киплинг бўлиб, у 1907 йилда 41 ёшида Нобел мукофотини олган. Энг ёши катта лауреат эса инглиз ёзувчиси Дорис Лессинг бўлиб, у 88 ёшда бўлган (2007 йил).
  • Ўтган 119 йил ичида (1901-2019 йиллар) мукофот атиги 100 марта топширилган, 19 йил давомида - 1914-1916, 1918, 1923, 1924, 1928, 1932, 1939-1943, 1948, 1955-1956, 1966-1967 ва 1972 йилларда мукофотга муносиб номзод топилмаган.
  • Шу вақт ичида 107 кишига, шу жумладан 17 нафар аёлга ва уч марта Халқаро Қизил хоч қўмитасини ўз ичига олган 27та ташкилотга Нобел тинчлик мукофоти берилди.
  • Ўзига берилган тинчлик бўйича Нобел мукофотидан бош тортган ягона шахс бу 1973 йилда АҚШ давлат котиби Генри Киссинжер билан бирга ушбу мукофотга сазовор бўлган вьетнамлик сиёсатчи Ле Дик Тходир.
  • Иосиф Сталин (1945 ва 1948 йилларда), Адолф Гитлер (1939), Бенито Муссолини (1935), шунингдек Хуан Перон, Невилл Чемберлен, Гарри Трумэн, Николай II, Лев Толстой, Эрих Мария Ремарк, Николай Рерих, Пьер де Кубертен, Мария Монтессори, Роберт Баден-Пауэлл ва бошқалар тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод бўлишган.
  • Нобел мукофотлари лауреатларга 10 декабрь куни, Алфред Нобелнинг туғилган кунида топширилади ва махсус зиёфат ўтказилади (Тинчлик бўйича мукофотни қўлга киритганлардан ташқари барча лауреатлар учун Стокҳолмда, Тинчлик мукофоти совриндорлари учун Ослода). 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли зиёфат ўтказилмайди, мукофотни топшириш маросими эса онлайн тарзда бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид