23:12 / 12.10.2020
17981

Бойсун туманида уч кун ичида 7,5 млн сўм ариққа оқиб кетяпти

Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани Дарбанд ва Даҳнаижом маҳаллалари ҳудудида, йўл четида ичимлик суви тортилган катта қувур ёрилган. Ёриқдан ўртача ўнта жўмрак суви оқиб кетмоқда.

Бу ҳақда Kun.uz 7 октябрь куни Сурхондарё вилоятига оид расмий Telegram-канали орқали хабар берган эди. Биз 9 октябрь куни ҳам ўша муаммо бартараф этилмаганига гувоҳ бўлдик.

Шу ўринда бир таҳлил. Маълумотларга кўра, битта жўмракдан бир дақиқада 7-8 литр сув оқиб кетади. Бойсундаги қувур ёриғидан ўртача ўнта жўмрак суви исроф бўляпти, дейлик. Демак, дақиқасига 70 литр сув исроф бўляпти.

Соатига 4200 литр. Суткасига 100 800 литр.

Уч кунда 302 400 литр сув исроф бўляпти.

Биз ўзимиз гувоҳи бўлган уч кунни айтяпмиз. Ваҳоланки, ўша қувурнинг қачон ёрилгани ҳам номаълум. Балки бир ҳафта, балки бир ой бўлгандир...

Энди атиги уч кун давомида Бойсунда исроф бўлган ичимлик сувини пулга чақиб кўрайлик.

Масалан, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида ичимлик суви 60-120 минг сўмгача сотиб олиб, истеъмол қилиняпти. Айтайлик, машина ўртача 4 тонна сув сиғимига эга. 302 400 литр сувни тўртга бўлсак, 75-76 машина бўлади, яъни бу миқдор шунча хўжалик ками бир ҳафта давомида истеъмол қилиши учун етади.

75 машина ичимлик суви ўртача 100 минг сўмдан ҳисобланган тақдирда ҳам Бойсунда уч куннинг ўзида 7 500 000 сўмлик сув ариққа оқиб кетяпти.

Узоққа бормайлик, Сурхондарё вилоятининг ўзида сувга муҳтож, ичимлик сувини нақд пулга харид қилаётган ҳудудлар йўқми?

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Фахриддин Ҳотамов.

Top