10:56 / 12.10.2020
30312

Имомали Раҳмон бешинчи муддатга сайланди. У Тожикистонни 26 йилдан буён бошқармоқда

​​​​​​​Тожикистоннинг амалдаги президенти Имомали Раҳмон навбатдаги президентлик сайловларида ҳам ғалаба қозонди. Расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 90 фоизидан ортиғи унга овоз берган. Сайловда яна тўрт номзод иштирок этганди. Раҳмон бешинчи муддатга сайланди - у 1994 йилдан буён президентлик лавозимини сақлаб қолмоқда.

Якшанба куни Тожикистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди / TASS

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда давомат 85,39 фоизни ташкил этган. Кун ярмидаёқ сайловда иштирок этувчилар сони 70 фоиздан ошган ва сайлов бўлиб ўтди деб ҳисобланганди.

МСК раиси Бахтиёр Худоёрзоданинг маълум қилишича, Раҳмоннинг номзоди 3 млн 837 минг 927 нафар (90,92 фоиз) тожикистонлик томонидан қўллаб-қувватланган. Тожикистонда президент 7 йил муддатга сайланади - Имомали Раҳмон энди камида 2027 йилгача мамлакат раҳбари бўлиб қолади.

Тожикистон қонунчилигида экзит-поллар ўтказиш кўзда тутилмаган, шунингдек, сайлов участкаларига видеокамералар ўрнатилмаган. Сайловда МДҲ, ШҲТ, КХШТ, Россия давлат думаси ва ЕХҲТдан вакиллар кузатувчилик қилишди.

68 ёшда бўлган Раҳмон илк марта 1994 йилда Тожикистон президенти этиб сайланганди, унга қадар икки йил мобайнида Тожикистон Республикаси олий кенгаши раиси бўлган.

Кейин у 1999, 2006 ва 2013 йиллардаги сайловларда президентликка қайта сайланган. Жорий кампанияда Раҳмоннинг рақибларидан бирортаси ҳатто 10 фоиз овоз тўплай олмади.

Бу сафар мамлакатда қонуний фаолият юритаётган 7та партиядан 5таси президентликка ўз вакилини номзод қилиб кўрсатди. Раҳмоннинг номзоди Тожикистон халқ-демократик партияси, шунингдек, Мустақил касаба-уюшмалари федерацияси ва республика ёшлар иттифоқи томонидан илгари сурилган.

МСК маълумотларига кўра, Раҳмоннинг рақиблари орасида нисбатан кўп овоз олган номзод Тожикистон аграр партияси вакили Рустам Латифзода бўлган - 3,03 фоиз.

  • Имомали Раҳмон (Халқ демократик партияси) - 3 млн 837 минг 927 ёки 90,9 фоиз;
  • Рустам Латифзода (Аграр партия) – 127 минг 746 ёки 3,3 фоиз;
  • Рустам Раҳматзода (Иқтисодий ислоҳотлар партияси) - 90 минг 587 ёки 2,15 фоиз;
  • Абдуҳалим Ғаффорзода (Социалистик партия) – 62 минг 835 ёки 1,49 фоиз;
  • Мирож Абдуллоев (Коммунистик партия) – 49 минг 212 ёки 1,17 фоиз сайловчилар.
TASS

Эндиликда Раҳмон Беларусь президенти Александр Лукашенко билан биргаликда МДҲ давлатлари орасида президентлик лавозимида энг узоқ вақт қолаётган раҳбарлардан бири бўлиб турибди.

Унинг ўзи бир неча марта мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш учун референдум ўтказиш бўйича ташаббуслар билан чиққанди. 2003 йил июнида июнь ойида киритилган ўзгартиришга кўра, президент лавозимида кетма-кет икки муддатга сайланишга тақиқ бекор қилинган ва президентлик муддати 7 йиллик қилиб белгиланганди.

2016 йил майидаги референдумдан кейин Раҳмон чексиз марта сайловда иштирок этиши мумкин бўлган, шунингдек, президентликка номзод ёши 35дан 30га туширилганди.

Тожикистон Демократик партияси раиси вакили Саидджафар Усмонзода номзоди президентлик сайловларига рўйхатга олинмаган.

Top