11:27 / 12.10.2020
5381

Хитойнинг электроника ишлаб чиқарувчи энг қиммат компанияси маълум қилинди

Huawei корпорацияси Хитойда маиший электроника ишлаб чиқарувчи йирик компанияларнинг 2020 йилги рейтинги етакчисига айланди. Рейтинг компанияларнинг бозор қиймати ҳисобга олинган ҳолда тузилган. Унга кўра, Huawei капиталлашуви 1,1 трлн юанни (163,8 млрд доллар) ташкил қилади. 

Фото: Mark Schiefelbein / AP

“2019 йилга нисбатан компаниянинг бозор қиймати 100 млрд юанга (14,89 млрд доллар) камайди. Бу АҚШ санкциялари сабабли юз берди, улар натижасида компания кўплаб қийинчиликларга учради”, дейилган рейтингга берилган изоҳда.

Рейтингнинг етакчи бешталиги қуйидагича кўриниш олган:

1. Huawei (163,8 млрд доллар)
2. Xiaomi (64,65 млрд доллар)
3. VIVO (26,07 млрд доллар)
4. OPPO (25,32 млрд доллар)
5. DJI (14,88 млрд доллар).

2019 йилда АҚШ Huawei’ни санкциялар рўйхатига киритган. АҚШ раҳбариятининг фикрича, Huawei қурилмалари Хитой фойдасига жосуслик қилишда қўлланади. Санкциялар доирасида АҚШ компанияларига Huawei ва унинг бўлинмаларига АҚШ ҳукумати рухсатисиз технологиялар ва бутловчи қисмлар сотиш тақиқланган. 2020 йил августида АҚШ Huawei’га қарши санкцияларини кенгайтирган.

Top