23:17 / 16.10.2020
8067

Ғарб махсус хизматлари Навальнийни ФХХ заҳарлаган деб ҳисобламоқда

Евроиттифоқ Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ортидан Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, РФ президенти маъмурияти бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко ва яна 4 нафар россиялик мансабдорга нисбатан санкциялар жорий этди.

Фото: AP

Германия, Франция ва Буюк Британия махсус хизматлари мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия Федерал хавфсизлик хизмати турибди деган тахминда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб The Guardian нашри хабар берди.

 Нашр билан суҳбатлашган икки манба заҳарлашга конституцион тузумни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашиш хизмати (ФХХ Иккинчи хизмати) алоқадор деб ҳисобламоқда. Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, Навальнийни ўлдириш учун эмас, балки "огоҳлантириш" ва Россияни тарк этишга мажбур қилиш учун заҳарлашган.

 Уларнинг фикрича, ФХХ ихтиёрида кўплаб, жумладан, номаълум заҳарлар мавжуд.

Евроиттифоқ Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ортидан Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников, РФ президенти маъмурияти бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко ва яна 4 нафар россиялик мансабдорга нисбатан санкциялар жорий этди. Шунингдек, Россия давлат органик кимё ва технология илмий-тадқиқот институти ҳам санкцияга тушганлар рўйхатига киритилди.

Россиялик мухолифатчи, Коррупцияга қарши курашиш фонди раҳбари Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётганда ўзини ёмон ҳис қилган ва самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди.

Заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган Навальний 22 август куни Германиядаги «Шарите» клиникасига олиб кетилди. Кейинчалик оёққа турган Навальний ўзининг заҳарланиши шахсан Владимир Путиннинг топшириғи билан амалга оширилганини айтган.

Top