Сирдарёда фермер хўжалиги ерини сотишга уринган шахс қўлга олинди
ДХХ ва Бош прокуратура департаменти ходимларининг қўшма тадбирларида Сирдарё ва Наманган вилоятлари ҳудудларида бир неча фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.
Сирдарё вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУКда бош мутахассис бўлиб ишловчи 34 ёшли А.А. Мирзаобод туманида ўз номига ташкил этилган, анорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигининг 2,7 га ер майдонини туман ҳокимлигидаги танишлари орқали Гулистон туманида яшовчи фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 66 млн сўм олган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Янгиер шаҳридаги «Антилюкс» МЧЖда иш юритувчи вазифасида ишловчи 41 ёшли шахс ҳокимият, банк ва кадастр ташкилотларида ишловчи танишлари орқали Янгиер шаҳрида яшовчи фуқарога имтиёзли равишда намунавий уй олиб беришини ва хусусий боғча қуриш учун 10 сотих ер майдони ажратишда амалий ёрдам кўрсатишни ваъда қилиб, бунинг учун 2500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Ўзвагонтаъмир» АЖ «Ховос вагонларни таъмирлаш депоси» ишчиси темир йўл соҳасида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқарони Тошкент темир йўл вокзалининг қўриқлаш отрядига ишга киритиб қўйиш эвазига 2000 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.
Шунингдек, Наманган давлат университети докторанти, 33 ёшли шахс маҳаллий фуқаролардан бирини 2000 АҚШ доллари эвазига Қирғизистон Республикасидаги ОТМлардан бирига ўқишга киритиб қўйишини ҳамда 2021-2022 ўқув йилида НамДУга ўқишини кўчиртириб беришини айтиб, турмуш ўртоғи воситачилигида сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этаётган бир вақтда, у ўзининг жиноий қилмишларини давом эттирган. У бошқа бир фуқарога Украинанинг Харковь миллий университетидан ўқишини НамДУга кўчиртириб беришини ваъда қилиб, бунинг учун 800 АҚШ доллари ва 2 млн сўм олган вақтида такрорий қўлга олинади. У ушбу фуқародан аввал ҳам 2000 АҚШ доллари олгани маълум бўлган.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
18:31 / 23.09.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон Сирдарёда 10 та гидропост ташкил қилади
08:00 / 13.09.2024
Сирдарёда 2 ёшли боғча боласи вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
16:00 / 07.09.2024
Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятида “права” олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
08:10 / 06.09.2024