Иқтисодиёт | 11:54 / 21.10.2020
4072
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 3,7 млрд долларга камайди

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари якуни бўйича республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 27,4 млрд долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 млрд долларга ёки 12,0 фоизга камайди.

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ТСАда экспорт ҳажми 12,4 млрд долларга (6,0 фоизга камайди) ва импорт ҳажми 15 млрд долларга (16,5 фоизга камайди) тенг бўлди. Ҳисобот даврида 2,5 млрд доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди.

Ўзбекистон, жаҳоннинг 160дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (16,8 фоиз), Россия (14,8 фоиз), Қозоғистон (7,3 фоиз), Корея Республикаси (5,8 фоиз), Туркия (5,2 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Германия (2,1 фоиз) билан қайд этилган.

Ташқи савдо айланмаси инфографикаси кўрсаткичлари ойлар кесимида таҳлил қилинса, 2019 йилнинг июнь ва июль ойларида кескин ўсиш кузатилганини кўриш мумкин. Худди шу кўрсаткичлар 2020 йил учун тубдан фарқ қилиб, дастлабки икки ойда ўтган йилги кўрсаткичлар қайд этилган бўлса, март ойидан бошлаб жаҳон бозоридаги конъюнктуранинг ўзгариши сабабли тебранишлар юз берди. 

Ташқи савдо айланмасининг июль ҳамда август ойларида кескин ўсгани олтин экспортининг ошгани билан изоҳланади. 2020 йилда энг катта пасайиш май ойида қайд этилди - 2,1 млрд доллар. Ўтган йилнинг шу ойига нисбатан ташқи савдо айланмасининг камайиши 1,1 млрд долларни ташкил қилди.

Мавзуга оид