Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди
Наманган вилояти ҳокимига икки нафар янги ўринбосар ва бир маслаҳатчи тайинланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, Саидаҳмад Султонов Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Саидаҳмад Султонов 1976 йили Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 1998 йили Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-технолог. 2012—2018 йилларда Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари бўлган.
Саидаҳмад Султонов 2018 йилдан буён Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Анваржон Ҳакимов Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Анваржон Ҳакимов 1967 йили Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 1991 йили Андижон пахтачилик институтини тамомлаган. Мутахассислиги олим-агроном.
У 2018 йилдан буён Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Шунингдек, Акбарали Асқаров Наманган вилояти ҳокимининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Акбарали Асқаров 1962 йили Уйчи туманида туғилган. Маълумоти олий, 1986 йили Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган. Мутахассислиги концерт ижрочиси, ўқитувчи.
У 2018 йилдан буён Ўзбекистон давлат филармонияси ўзбек миллий мумтоз ашула ансамбли бадиий раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
- Эслатиб ўтамиз, 2017 йилдан Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Баҳромжон Ҳайдаров 2020 йилнинг 7 октябрида оғир хасталикдан вафот этди.
- 2019 йилдан Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Тоҳир Рапиқов эса 2020 йилнинг 16 октябрида Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири этиб тайинланди.
Мавзуга оид
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024