Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси миқдори оширилади
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни эълон қилинди. Шу асосда 1998 йил 1 майда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотади.
Янги қонун билан республикада ишсизлик нафақаси миқдори қуйидагича оширилади:
- ишдан ва иш ҳақидан сўнгги 12 ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга – аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (679 330 сўм)дан оз бўлмаган миқдорда (таққослаш учун, амалдагиси МҲЭКМнинг 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорда);
- ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган ҳамда узоқ (12 ойдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга – МҲЭКМнинг 1 баравари миқдорида (таққослаш учун, амалдагиси МҲЭКМнинг 26,5 ва 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорларда);
- илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга – МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида (таққослаш учун, амалдагиси МҲЭКМнинг камида 26,5 фоизи миқдорида).
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунда акс этган янги тушунчалардан бири аутстаффинг бўлиб, у иш берувчи томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан бошқа юридик шахсларга ушбу ходимлар томонидан иш берувчи ва унинг ходими ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида, шунингдек жамоа келишувларида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариш учун вақтинчалик юбориш йўли билан кўрсатиладиган хизматлар тури ҳисобланади.
Қонунда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий этиш белгиланган бўлиб, ушбу тизим иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини,
шу жумладан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, уларни бекор қилиш тартиб-таомилларини электрон рўйхатдан ўтказиш каби бир қатор вазифаларни амалга оширишни таъминлайди.
Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятига оид қуйидаги масалалар ҳам белгиланган:
- Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқлари;
- Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштириш учун кўрсатиладиган хизматлар;
- Юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётган фуқароларни ишга жойлаштириш ва уларнинг касбий билимини тасдиқлаш бўйича фаолияти;
- Фуқароларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда ишга қабул қилиш;
- Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширганидан сўнг қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш.
Шунингдек, Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомда белгиланган кўплаб нормалар ушбу қонунга кўчирилди.
Мавзуга оид
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
18:46 / 17.04.2026
Вояга етмаган гувоҳ ва жабрланувчининг қонуний вакили институти жорий этилади
18:30 / 17.04.2026
Руҳий ҳолатида бузилиш бўлган ногиронларга ижтимоий хизмат тизими такомиллаштирилади
21:24 / 17.02.2026