АҚШ сенаторлари Россияга қарши янги санкциялар жорий қилишни таклиф қилди
АҚШ сенатининг бир нечта аъзолари Давлат котиби Майкл Помпео ва Молия вазири Стивен Мнучинга хат ёзиб, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ортидан расмий Москвага қарши тақиқлов чораларини қўллашга чақирди.
Bloomberg нашрининг ёзишича, хатни демократлардан Бен Кардин, Дик Дурбин ва Крис Кунс, республикачилардан эса Митт Ромни, Марко Рубио ва Рожер Уикерлар имзолаган.
Сенаторлар Россияга қарши «Сергей Магнитский номидаги жавобгарлик ва қонун устуворлиги акт»ини ёки «Кимёвий ва биологик қуроллар устидан назорат» ҳақидаги қонунни қўллашни таклиф қилган.
Аввалроқ, Европа иттифоқи ҳам Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ортидан россиялик олти нафар мансабдорга, шунингдек, Россия давлат кимё ва технология илмий-текшириш институтига нисбатан санкциялар жорий қилган эди.
Россиялик мухолифатчи, Коррупцияга қарши кураш фонд раҳбари Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётганда ўзини ёмон ҳис қилган ва самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган Навальний 22 август куни Германиядаги «Шарите» клиникасига олиб кетилгач, 7 сентябргача кома ҳолатида бўлди. Кейинчалик оёққа турган Навальний ўзининг заҳарланиши шахсан Владимир Путиннинг топшириғи билан амалга оширилганини айтган.
Мавзуга оид
10:31
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024