Ўзбекистон | 19:02 / 23.10.2020
5020
2 дақиқада ўқилади

Элликдан ортиқ компаниянинг IT-парк резиденти мақоми бекор қилинди

Мазкур компаниялар шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаган, яъни аудиторлик хулосасини тақдим этмаган ва Низом талабларини бузган.

Фото: ictnews.uz

“52 та IT-компания IT-паркнинг доимий резиденти мақомидан маҳрум этилди”, деб хабар берди IT-парк матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, мазкур компаниялар шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаган, яъни аудиторлик хулосасини тақдим этмаган ва Низом талабларини бузган.

Улар тўғрисидаги маълумотлар имтиёзларни бекор қилиш чораларини кўриш мақсадида солиқ органларига юборилган. Шунингдек, солиқ идораларига IT-парк резидентларининг ягона реестрига киритилган, аммо турли сабабларга кўра энди фаол резидент бўлмаган 63та IT-компания тўғрисидаги маълумотлар ҳам юборилгани хабар қилинган.

 “Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, IT-парк резидентлари йилига бир марта мажбурий аудит ўтказишлари шарт. Эслатиб ўтамиз, қонунга мувофиқ, IT-парк резиденти мақомида бўлиш бир кун бўлса ҳам компаниянинг аудиторлик текширувини ўтказиш ва имтиёзлардан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик тўғрисида хулоса бериш мажбуриятини келтириб чиқаради”, дейилади хабарда.

 Қайд этилишича, 2020 йил 16 октябрь ҳолатига кўра IT-парк резидентлари сони 416 тани ташкил этади.

 Маълумот учун: 2019 йил 24 июлда Тошкентда Ўзбекистондаги биринчи IT-парк очилган.

Мавзуга оид