Ўзбекистон | 12:51 / 23.11.2022
14833
2 дақиқада ўқилади

IT-паркдаги ёнғин тафсилотлари маълум қилинди

ФВВ ахборот хизматига кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Фото: Видеодан кадр

23 ноябрь куни соат 11:12 да Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасига пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Олимлар маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли бинолардан бирида ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

3 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 11:15 да воқеа жойига етиб борган ва соат 11:25 да ёнғин ўчирилган.

Қайд этилишича, 24 қаватли қурилиши тугалланмаган IT-парк биносининг 21-қаватида тахминан 5 кв/метр майдонда пенопласт қолдиқлари ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида қўшни биноларга зарар етмаган.

“Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилади ФВВ ахборот хизмати баёнотида.

Ҳодиса юзасидан АКТ вазирлиги ҳам муносабат билдирган. Унда ёнғин одамлар ишлаётган асосий объектларда содир бўлмагани, хавотирга ўрин йўқлиги таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида йирик ёнғин келиб чиққан, уни бартараф этиш учун 12 та экипаж ва 3 та автонарвон жалб этилганди. Ёнғин оқибатида кўп қаватли уйларнинг 400 метр квадрат том қисми зарарланган.

Kun.uz суриштируви давомида фавқулодда ҳодисага электр токига ноқонуний уланиш сабаб эканлиги маълум бўлганди.

Мавзуга оид