21:01 / 23.10.2020
6614

Комбинат ёш олимининг муваффақиятли изланишлари

Фото: ОКМК

Илмнинг машаққатли йўли нурли манзилларга албатта, элтади. Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ҳам илм олиб, изланишлари ортидан бир қатор муваффақиятларга эришмоқда.

Тадқиқот ва минерал хом-ашёларни бойитиш лабораторияси, металлургия тадқиқотлари ва юқори тозаланган металлар лабораторияси, қаттиқ қотишмалар лабораторияси, нанотехнологиялар, композит ва истиқболли материаллар лабораторияси, материалларнинг структуралари ва хоссаларини тадқиқ қилиш лабораторияси ҳамда тажриба-саноат цехи каби таркибий бўлинмаларни қамраб олган ОКМК Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича Илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси қошида Ўзбек-Корейс илмий техник маркази фаолият юритиб келмоқдаки, унда олиб борилаётган тадқиқот ва илмий изланишлар диққатга моликдир. Комбинат раҳбарияти томонидан ушбу марказга ҳар доим эътибор қаратиб келинган ва марказ лаборатория шароитида илмий изланишлар олиб бориш учун замонавий технологик ускуналар билан таъминланган.

Мазкур Марказнинг Нанотехнологиялар, композит ва истиқболли материаллар лабораторияси мудири, Илғор материалшунослик ва муҳандислик фанлари доктори, ёш олим Амир Обидов бошчилигида бир қатор муваффақиятли изланишлар олиб борилмоқда. Ана шундай изланишлар натижасида куни кеча қишлоқ хўжалиги техникалари учун жамланган қаттиқ қотишмали пайвандланувчи функционал градиентли материалдан тайёрланган пластина ишлаб чиқарилди. Ушбу ишланма лаборатория шароитида ишлаб чиқарилиб, ҳозирда пластинани ишлаб чиқаришга татбиқ этиш учун Андижон машинасозлик институти ҳамда Тошкент давлат техника университетлари билан ҳамкорликда синов ишлари олиб борилмоқда. Мазкур олийгоҳ олимлари томонидан пластина қишлоқ хўжалиги техникасига пайвандланиб, емириш жараёни ўлчанади. Ҳозирда ушбу маҳсулотнинг бозори ҳам ўрганиляпти. Ушбу маҳсулотга яқин кунларда патент олиниши ва ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши кутиляпти.

- Биз олиб бораётган тадқиқотлар кутилганидек натижа берса, тегишли ташкилотларга маҳсулот сертификатини олиш учун ариза берамиз, - дейди Амир Обидов. - Бундан ташқари, илмий изланишларимиз натижасида лаборатория шароитида вольфрамли ва мис нишонлар ишлаб чиқарган эдик. Пандемия боис “Навоий КМК” ДУКка Санкт Петербургдан бу каби нишонлар келиши тўхтаб қолди. Бу 100% импорт қилинадиган маҳсулот. Юзага келган вазият сабабли ушбу маҳсулотларни маҳаллийлаштириш масаласи қўйилди. Ва биз ўз маҳсулотимизни уларга таклиф этган ҳолда намуналар ясаб бердик. Улар ойига 2та нишон ишлатишади. Биз эса ойига 30дона нишон ишлаб чиқариш имкониятига эгамиз. Жўнатган намуналаримиз уларнинг геофизика лабораториясида гамма нурларини ўлчайдиган ускунасида текширилмоқда. Аниқланган камчиликлар бизга айтиляпти. Ҳозирги кунда ушбу маҳсулот ишлаб чиқарилиш арафасида. 76 мм.ли нишон иссиқ прессда, 30 мм.лиси эса учқунли плазмали ускунада тайёрланади.

Яна бир янги маҳсулотларимиз вольфрам нанокукуни ва молибден нанокукунлари. Ушбу маҳсулотларимиз комбинат конларида ишлатиладиган бурғулаш ускуналарининг коронкаларига қўшилади. Бу зичликни ошириб бўшлиқни тўлдириб бориб, материал мустаҳкамлигини таъминлайди. Ва коронкани узоқ муддат ишлашига сабаб бўлади.

 Шунингдек, марказимизга яқин ускуналар олиб келиниши 3-босқичи доирасида 3D технологияли принтер ҳам келтирилади. Ушбу принтернинг ишлаш асосини нанокукунлар ташкил этади. Биз ушбу принтерга ҳозирда хом-ашё ҳам тайёрлаяпмиз. Жаҳон бозорида 1 кг вольфрам 30 доллар турса, нанокукун ундан 10 баравар қиммат туради. 250 граммлик нишоннинг баҳоси эса 1000 долларга боради. Гамма нурланишда тайёрланган нишон эса ундан ҳам қиммат туради. 3D технологияси асосида жағ ёки суяк имплантлари тайёрланиб, улар ҳам юқори баҳоланади.

Яқинда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказига ўзимизда ишлаб чиқарилган вольфрамли нанокукунни олиб бордик. Нанокукунимиз микроскопда қаралганда юқори тозаликда вольфрам борлиги аниқланди. Энг қизиғи заррачаларнинг ўлчамини кўришга микроскопнинг кучи етмади. 100 нанометр ўлчамдаги энг йирикларигина кўринди. Ушбу маҳсулотни Кореянинг Кирам институтига жўнатиб, қанчалик майдалигини кўрмоқчимиз. Комбинатда биринчи маротаба нанокукун олиниши ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Яна бир янги маҳсулотимиз керамик нишонлар.

Ушбу нишонлар қоплама олиш учун ишлатилади. Масалан рух оксидли, индий, қалай оксидли қопламалар олиш учун. Бу бизда аввал бўлмаган. Бу йўналишда илк қадамни қўйдик. Ушбу қопламалар смартфон, телевизор, компьютер экранларининг юза қисмига ишлатилади. Шаффоф, токни ўтказувчан қопламалар светодиодларни ёниши учун зарур бўлади. Комбинатда индий ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Биз қалай сотиб олсак, индий қалай оксидли нишон ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. 

Ёш олим куни кеча Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги стартаплар бўйича илмий-техник кенгаш раиси этиб ҳам тайинланди. Ушбу кенгаш юртимиздаги миллий, халқаро стартапларни молиялаштириш учун хулоса беради. Жамоатчилик асосида ишлайдиган кенгаш шаффоф тарзда стартапларни кўриб чиқади. Шунингдек, стартап қанчалик аҳамиятга эгалигини, унинг бозори ҳам ўрганади.

Бундан ташқари, энди 35 ёшни қарши олган ёш олим, профессор Амир Обидов Lotus Engineering деб номланган технологик стартапи яратувчиси ҳам. Эътиборлиси, 2018 йилда Амир Обидов томонидан яратилган Clean Box стартап-лойиҳаси халқаро “StartHaifa-2018” танловида муваффақият қозонган бўлиб, бу лойиҳа нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам тан олинган. 2018 йил ушбу стартап “Innoweek-2018” танловида энг яхши стартап мукофотини қўлга киритди. Ушбу ишланмага Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш фонди томонидан 800 млн. сўмлик грант ажратилган. Амирга Россия Федерациясидаги “Сколково” фондининг резидентлиги таклиф этилган. Бу бизнесни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очади. Масалан, ушбу фонд резидентлари учун 5 млн рублгача микрогрантлар ажратади.

Яна бир эътиборли жиҳат қаҳрамонимиз 2020 йил 27 октябрь куни ўтказилиши кутилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг стартаплар форумига эксперт сифатида таклиф этилган бўлиб, ушбу нуфузли анжуманда у маъруза қилади.

Ёш олимнинг фикрича, янги маҳсулотларнинг яратилиши, мамлакат иқтисодиёти ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Шерзод Тиловбердиев,
ОКМК Ахборот хизмати веб-муҳаррири

Top