Мазкур янги авлод интеллектуал тизими транспорт техника воситаларига хизмат кўрсатишда анъанавий ёндашувдан башоратли бошқарув моделига ўтишни таъминлайди. Бугунги кунда бу дастурлар, техниканинг интеллектуал диагностикаси, бузилишларни башоратли таҳлил қилиш ва прогнозлаш, лаборатория жараёнларини рақамлаштириш, техника ва агрегатларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш, маълумотлар асосида ресурсларни бошқариш (мойлар, шиналар, узеллар) имконини беради.
Шунингдек, реал вақт режимида онлайн мониторинг, ускуналарнинг рақамли эгизакларини шакллантириш, техниканинг ҳаётий циклини бошқариш, эҳтиёт қисмлар, узеллар ва агрегатларни бошқариш имкониятларини тақдим этади.

Натижада шундай тизим шаклланмоқдаки, унда техника тўлиқ шаффоф, бошқариладиган ва башорат қилинадиган бўлади.
EM AI (Lab) тизими – лаборатория ва операцион маълумотларни ягона рақамли муҳитга бирлаштирувчи ақлли платформа ҳисобланади. Ҳозирги вақтда EM AI (Lab) тизимини фаол жорий этиш ишлари олиб борилмоқда, у якуний босқичда.
Тизим тўлиқ фойдаланиш тарихига эга бўлган техниканинг рақамли паспортларини шакллантириш, лаборатория жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, қоғоз ҳужжат айланишидан воз кечиш, QR-кодлардан фойдаланган ҳолда намуналарни олиш ва ҳисобга олишни автоматлаштириш, лаборатория ва фойдаланиш маълумотларини интеграциялашни таъминлайди.

Бундан ташқари, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тизим, техникалар эскиришининг дастлабки белгиларини аниқлайди. Яъни СИ ёрдамида транспорт воситаси иш режими қайд этиб борилади. Техниканинг эҳтиёт қисмлари носоз ҳолатга келишдан олдин хабар бера олади. Бу муҳандислик хизматлари учун таҳлилий хулосалар ва тавсияларни шакллантиради. Натижада транспорт бузилишининг олди олинади. Мазкур тизим ёрдамида 1 ой ичида 3 та автосамосвалнинг двигателлари ишдан чиқиши олди олинди. СИ берган тавсиялардан келиб чиқиб автосамосваллар тўхтатилиб текширилганда ҳақиқатан ҳам бузилишлар аниқланди. Натижада маълум бир эҳтиёт қисмлар алмаштирилди ва двигателлар сақлаб қолинди. Бунинг натижасида 12,6 млрд сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, комбинат мутахассислари ишлаб чиққан технологиялар турли саноат корхоналарида ҳам жорий этилиши мумкин. Бу эса сезиларли иқтисодий самарани таъминлайди ва ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришнинг янги стандартини шакллантиради.










