Тадбирда бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва Спорт вазирликлари масъуллари, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, ОКМК бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсанов, маҳалла аҳолиси, нуронийлар, турли миллат вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда масъуллар томонидан рамзий лента қирқилиб, “Янги Ангрен” маданият ва спорт мажмуаси расман ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур мажмуа ОКМК ҳомийлигида комбинат бунёдкорлари томонидан тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

2025–2026 йилларда мажмуада лойиҳа қиймати 31 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий қиёфага келтирилди.

Мажмуа таркибида 32х20 ўлчамли спорт зали, фитнес хонаси, шейпинг зали каби замонавий спорт иншоотлари жойлашган.

Бинонинг иккинчи қаватида эса, тасвирий санъат, амалий санъат, рақс, вокал, театр, фолклор ва мусиқа йўналишларидаги тўгараклар фаолияти учун барча шароитлар яратилган. Эътиборлиси, эндиликда ангренлик ёшлар бу ерда спортнинг бадиий гимнастика, кураш, енгил атлетика, волейбол, баскетбол, фитнес, шейпинг, мини футбол турлари билан ҳам шуғулланишади.

Бинонинг хоналари ва йўлаклари ўзига хос миллийлик руҳида безатилган бўлиб, ҳар бир хонага алоҳида эътибор қаратилган. Бадиий академия ижодкорлари томонидан таниқли актёрлар, ёзувчиларнинг портретлари тайёрлаб берилди.

Комбинат қурувчилари томонидан бинонинг томи, коммуникация тизимлари тўлиқ янгиланди. Барча зарур мебел жиҳозлари билан таъминланди. Ҳудудда ободонлаштириш ва кўкламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, 2 дона шийпонча ўрнатилиб, йўлакларга декоратив бетон қопламаси ётқизилди. 

“Янги Ангрен“ маданият ва спорт саройининг фойдаланишга топширилиши аҳоли, айниқса ёшларнинг маданият ва спорт билан мунтазам шуғулланиши, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиши, миллий қадриятлар ва санъатни янада ривожлантиришга хизмат қилади.