00:29 / 24.10.2020
14283

ЖССТ раҳбари пандемиянинг кейинги бир неча ойи жуда оғир кечишини айтди

Фото: Reuters

Кейинги бир неча ой коронавирус пандемияси борасида жуда оғир кечади. ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесуснинг айтишича, дунё пандемиянинг “энг муҳим кесишмасида” турибди.

“Биз коронавирус пандемиясининг энг муҳим кесишмасида турибмиз, айниқса Шимолий яримшарда. Кейинги бир неча ой оғир келади ва баъзи давлатлар хавфли йўналишда турибди”, деб огоҳлантирган ЖССТ раҳбари.

Гебрейесуснинг таъкидлашича, жуда кўп давлатлар коронавирусга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайишига тўқнаш келди. Бу эса эндигина октябрь бўлишига қарамай, шифохоналарнинг барча имкониятлари тугаши ёки шунга яқин вазиятга олиб келади. Шу сабабли ЖССТ раҳбари давлатлар етакчилари ўлим ҳолатлари, соғлиқни сақлаш тизимининг коллапси ва мактаблар ёпилиши олдини олишга қаратилган қадамларни ҳаялламай амалга оширишга чақирди. 

ЖССТ раҳбарининг айтишича, бу мақсадда бир қатор чоралар қабул қилиш, жумладан ўз давлатидаги “вазиятни рўйирост таҳлил қилиш” ва касалланиш ҳолатлари кўпаяётган жойларда вирусга қарши кураш чораларини мос ҳолда тезда ўзгартириши керак. Бундан ташқари, жамоатчиликка реал вазият ҳақида “рост ва аниқ” маълумот бериш ҳамда бизнес ва аҳолига қийинчиликларни енгиб ўтишда кўмак бериш лозим.   

Гебрейесус, шунингдек, бир қатор давлатлар тиббиёт муассасаларида кислород танқислиги кузатилаётганига эътибор қаратган. “Баҳолашларга кўра, энг ночор давлатлардан баъзиларида беморларни даволаш учун зарур бўлган кислороддан бор-йўғи 5-20 фоизигина бор”, деб таъкидлаб ўтган ЖССТ раҳбари.

Сўнгги суткада дунёда пандемия бошидан бери рекорд сонда касалланганлар қайд этилди – 445 минг 419 нафар. Аввалги антирекорд бир кун аввал, 22 октябрда қайд этилганди.  

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top