Гўшт нархи нега қимматлаяпти? Вазирлик изоҳ берди
Жорий йилнинг сентябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши тезлашди ва 2,2 фоиз даражасида шаклланди. Ўтган йили мос даврда ушбу кўрсаткич 1,4 фоизни ташкил этганди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 26 октябрь куни Ўзбекистонда 2020 йилнинг сентябрь ойида кузатилган инфляция даражаси ҳақида умумий маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, шу ойда истеъмол нархлари индекси ойлик 1,4 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида мазкур кўрсаткич 1,3 фоизга тенг бўлган.
«Сентябрь ойидаги инфляцион динамика таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, нархлар ўсишининг асосий сабаби озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг конъюнктураси бўлиб, бу ўз навбатида гўшт ва ёғ-мой маҳсулотлари, нон маҳсулотлари ва тухум нархларининг қимматлашиши, шунингдек мева-сабзавот маҳсулотлари нархининг мавсумий ошиши билан изоҳланади.
Юқорида санаб ўтилган маҳсулот гуруҳларидан, биринчи навбатда, гўшт маҳсулотлари нархларининг ўсиши асосий сабаблари қуйидагилардир:
— ем-хашак базаси учун хомашё, хусусан, пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17, 21 ва 27 фоизга ошишига олиб келди;
— Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортини қисқариши. Мисол учун 2020 йилнинг 8 ой натижасига кўра, мамлакатда 25 минг бош йирик ва 12,5 минг бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган;
— 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловларининг олиб ташланганидан сўнг, фаолиятини тиклаган оммавий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши. Шу билан бирга, 2020 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ). Бундан ташқари, 2020 йил январь-сентябрь ойларида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинган», — дейилади вазирлик маълумотномасида.
Гўшт нархи ўсиши ташқи омиллар таъсиридан ташқари, ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган дейиш мумкин.
«Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ», — дейилади вазирлик маълумотида.
Гарчи ички ва ташқи хавфлар бироз пасайган бўлса-да, дунёда коронавирус билан касалланишнинг кўпайиши ва мамлакатда карантин чораларини қайта жорий этилиши маҳсулот таъминотидаги узилишларга олиб келиб, охир-оқибат айрим товар бозорларига талаб ва таклифдаги номутаносибликлар пайдо бўлишига, бундан ташқари Ўзбекистонда инфляциянинг мос равишда тезлашишига таъсир қилиши мумкин.
Озиқ-овқат нархлари динамикасининг ўзгарувчанлиги, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сақлаш тизим занжирини тўлиқ шаклланиши билан боғлиқ. Бунда, таъминот ҳажми ва барқарорлигини оширишга, маҳсулот сифатини яхшилашга ва натижада йўқотишларни камайтиришга ва сақлаш муддатини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар уларнинг таъсирини тенглаштиришга ёрдам беради.
Мавзуга оид
20:28 / 22.10.2020
Яна бир бор гўшт нархига чеклов ўрнатишга уринилмоқда. Лекин бу фойдадан кўра зиён
17:20 / 13.02.2018
Гўшт нархи ошиши сабаблари ва унга қарши чоралар — иқтисодчидан вазирликка таклиф
21:50 / 05.01.2018
Президент: «Гўшт нархи аслида 250 минг бўлиши керак. Нархни ушлаб турибмиз»
14:35 / 07.08.2017