Бозор ва дўконларда энг зарур озиқ-овқат нархлари кўтарилиб кетаётгани фонида «Оила даврасида» газетаси мухбирлари бозор айланди

Маълумотларга кўра, бугунги кунда аҳолимиз кундалик турмуши учун 45 га яқин турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилади. Ойлигининг қарийб 40 фоизини айнан шуларга сарфлайди. Албатта, бу яхши кўрсаткич, юртдошларимиз турмуши фаровонлигидан далолат беради. Лекин...

Кейинги пайтларда бозорларимиз расталарида айрим озиқ-овқат — гўшт, ёғ, шакар, тухум, картошка, пиёз сингари ҳаётий зарур маҳсулотларнинг нархи сезиларли даражада ошди. Натижада, ҳар ойда бозор-ўчарга мўлжаллаган маблағига ўртаҳол оиланинг бозорхалтаси тўлмай қолмоқда. Айрим маҳсулотларни, ҳатто, рўйхатдан ўчиришга, бола-чақа ризқидан чегиришга тўғри келяпти. Табиийки, нарх-навонинг бу тарзда кўтарилиб кетганидан харидорлар норози.

Хўш, кундалик эҳтиёжимиздаги маҳсулотлар нега қимматлади? Бунинг асл сабаблари қаерда?

«Биринчи қўл»ни излаб...

Дастлаб юқорида санаб ўтган маҳсулотларимизнинг айни пайтдаги ўртача нархларига тўхталсак. Бугунги кунда бозорларимизда 1 килограмм гўшт 30–40 минг, картошка 4000–4500, пиёз 3000–3500, шакар 5600–6000, пахта ёғининг 1 литри 9000, кунгабоқар ёғи эса 11500, тухум 500–550 сўмни ташкил этмоқда. Бу нархлар жорий йил бошига солиштирганда бирмунча юқори. Тафовут баъзиларида ўн, айримларида эса йигирма фоизгача. Бу эса кишида хавотир уйғотадиган кўрсаткич.

Нарх-навонинг бу тарзда кўтарилишига нима сабаб бўлмоқда? Харидорларнинг айни шу ҳақли саволига жавоб излаб, пойтахтимиздаги бир нечта бозорларни айландик, тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Озиқ-овқат нархларининг ўсишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Дастлаб, ҳар куни истеъмол қилинадиган ўта муҳим маҳсулотлардан бири — ёғ ҳақида. Аксарият савдо дўконларида пахта ёғининг ўзи йўқ. Айрим ихтисослашган дўконларда эса бир литрини 10 минг сўмгача харид қилиш мумкин. Аммо деярли барча бозорларда, пана-пастқам жойларда пахта ёғининг литрини 8-9 минг сўмдан сотишмоқда. Фақат уларда нақд пулга. Бирортасида терминални ҳам, касса аппаратини ҳам кўрмайсиз. Бу «тадбиркорлар» ёғни кимлардандир олиб келиб, устига яхшигина қўйиб сотаётгани аниқ, фақат буни уларнинг ўзидан ҳам, бирорта бозор маъмуриятидан ҳам аниқлашнинг иложи бўлмади.

Биласиз, пахта ёғи ўзимизда ишлаб чиқарилади. Аниқланишича, бу маҳсулот завод ҳамда хусусий базалардан олиб келинади. Ҳеч қандай воситачисиз, «биринчи қўл»да. Пахта ёғини нақд пулга, пул ўтказиш йўли билан ёки пластик картага ҳам харид қилиш мумкин. Бироқ пул ўтказиш ёки пластик картага сотиб олиш нақдга қараганда камида 20 фоизгача қимматга тушар экан. Чунки пулни банкдан банкка ўтказганда муайян фоиз ушлаб қолинади. Бу ёқда солиқлар дегандек... Шу боис бўлса керак, нақд пулга — даҳмазаси кам ва нисбатан арзон.