Иқтисодчи Ўзбекистонда гўшт ва гўшт маҳсулотлари кўтарилиб кетгани сабаблари бўйича ўз фикрлари билдирилган мактубини таҳририятга йўллади.
Ассалому алайкум, KUN.UZ сайтининг ҳурматли ходимлари. Сайтингизда республикамиз аҳолиси ҳаётидаги долзарб муаммолар ва давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида бўлаётган ўзгаришлар холисона ёритилиб бораётганини кузатган ҳолда, ушбу фикрларимни айнан сиз билан ўртоқлашишни лозим топдим.
Агар менинг хулосаларим сайтингизда эълон қилиниб, мутасадди ташкилотлар эътиборини жалб қилса, ўйлайманки, жуда ўринли иш бўларди. Сайтингизда Иқтисодиёт вазирлиги томонидан эълон қилинган материалларда (Гўшт нархи нега кўтарилиб кетди?) гўшт нархи ошиб кетишига ем маҳсулотлари таннархи қимматлиги ва реализация билан боғлиқ ишларда «воситачилар»нинг кўпайиб кетгани асосий сабаблардан деб кўрсатгани ҳамда нархларни бир меъёрда ушлаб туриш учун бозорларга арзон нархларда гўшт етказиб берган фермер ва қоракўлчилик хўжаликларига ёғ-мой корхоналари маҳсулотлари биржа савдолари орқали имтиёзли шартларда ажратилиши ва бошқа чораларидан кўриниб турибдики, улар томонидан гўшт нархи ошиб кетишининг асосий сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш чоралари тўлиқ ва холисона ўрганилмаган. Шу сабабдан, тааллуқли соҳаларда узоқ йиллар ишлаган олий маълумотли иқтисодчи сифатида ўз фикримни билдираман.
1. Ем маҳсулотлари асосан давлат тасарруфида булган Ёғ-мой ва Донмаҳсулот корхоналарида ишлаб чиқарилаётгани ва нархлари давлат томонидан қатъий белгилангани сабабли таннархининг қимматлиги ем маҳсулотлари нархи ошишига ва мос равишда гўшт нархи кўтарилишига олиб келмайди.
2. Президентимизнинг 19.01.2018 йилдаги Ёғ-мой маҳсулотлари нархи асоссиз ошишига қарши қаратилган қарори билан Озуқа-ем таъминоти бирлашмалари тугатилгандан кейин ем-маҳсулотларининг реализацияси билан шуғулланувчи биргина расмий воситачи бор, у ҳам булса Товар ва хомашё биржасидир.
3. Бозорларимизда сотилаётган гўштнинг 50 фоизидан кўпроқ улуши аҳолининг иш билан таъминланмаган қатлами томонидан шахсий хўжаликларда етиштирилаётганини ва бу фаолият Президентимиз томонидан рағбатлантирилаётган тадбиркорликнинг бир кўриниши эканини ҳисобга олган ҳолда уларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмаган.
Шу сабабдан, фақат арзон гўшт сотаётган фермер хўжаликларига (кўпгина ҳолларда «арзон гўшт сотди», дейилган қалбаки маълумотларга асосан) биржа савдолари орқали ем маҳсулотлари имтиёзли ҳолатда сотилганда ҳам, 1 кг гўшт етиштириш учун қора бозорда ўртача нархи 1700-2200 сўм бўлаётган 18-20 кг ем маҳсулотлари сарф бўлиши ва бошқа харажатлар ҳисобга олинса, 1 кг гўштнинг таннархи 35–40 минг сўмга, мол боқувчи ва «инсофи ҳаминқадар» қассобнинг фойдаси қўшилса, сотилиш нархи 45–50 минг сўмга тўғри келмоқда.






