Жамият | 15:06 / 28.10.2020
3387
2 дақиқада ўқилади

«Жами банд аҳолининг 58 фоизи норасмий секторда» – вазирлик

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов касбга тайёрлаш марказида фуқароларни касбга ўқитиш ва битирувчиларни иш билан таъминлаш тартиби ҳақида маълумот берди.

«Фуқароларни касбга ўқитиш биринчи навбатда меҳнат бозорининг талабидан келиб чиқиб амалга оширилади. Биз асосий учта талабни қўямиз. Биринчиси, иш берувчи ташкилотларнинг талаби. Корхона бизга шу йўналиш, масалан, тикувчилик, бичувчиликка мана шунча мутахассис керак деган талабни беради. Мана шу талабга асосан ўқитамиз. Ўқитганимиздан кейин улар тўғридан тўғри ишга жойлашади.

Иккинчи йўналиш ҳам бор. Ўзбекистонда меҳнат бозорида норасмий бандлик юқори. Яъни жами банд аҳолининг 58 фоизи норасмий секторда банд. Бу дегани фуқаронинг ўзи ҳам «мени мана шу йўналишда ўқитсангиз, эртага ишга жойлашиб кетишим аниқ» деб ҳисоблайди. Бу бўйича ҳам биз уларнинг талабини қондирамиз.

Учинчиси, ҳар йиллик инвестиция дастурлари, янги иш ўринларини яратиш дастурлари, яъни ҳар бир ҳудуд, туман, шаҳарда яратилаётган янги иш ўринларининг прогнози, режалар қилинади. Ўша корхоналар учун касбга ўқитишга буюртма шакллантирилади ва шакллантирилган буюртма асосида ўқитилади.

Касбга ўқитиб, қаердан иш топсанг, топ деб чиқариб юбориш бўлмайди», деди Темур Маҳмудов АОКАда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг аҳамияти ва соҳага оид энг долзарб масалалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида.

Мавзуга оид