Ўзбекистон | 08:16 / 29.10.2020
5894
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк PayPal тизими билан боғлиқ вазият бўйича изоҳ берди

Марказий банк PayPal халқаро электрон пул тизимининг Ўзбекистонда фаолият юритиши мумкинлиги борасидаги хабарлар бўйича изоҳ берди.

Изоҳда айтилишича, ҳозирги кунда PayPal тўлов тизимида электрон ҳамёнларни Ўзбекистон ҳудудида муомалага чиқарилган банк карталарини бириктирган ҳолда пул маблағлари билан тўлдириш имконияти мавжуд эмас

“Мазкур чекловни ушбу тўлов тизими Ўзбекистонда бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишмаган, муҳокама қилмаган ҳолда мустақил равишда ўрнатган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 14 майдаги “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3724-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан PayPal компанияси билан ўтказилган дастлабки музокараларда компания яқин келажакда мазкур тизимни республикада жорий этиш режалаштирилмаганлигини билдирган”, - дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун хорижий тўлов тизимига уланиш, шунингдек, республика банклари томонидан муомалага чиқарилаётган Visa, MasterCard, UnionPay ёки “Мир” карталарини хориждаги электрон ҳамёнларга бириктириш юзасидан ҳеч қандай чеклов ўрнатмаган. 

Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунда электрон пуллар муомаласига, шунингдек, тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколатига доир нормалар ўрин олган.

Шунга кўра, Марказий банкнинг тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколати республика ҳудудида фаолият юритувчи тўлов тизимлари фаолиятига тегишли бўлиб, бошқа давлатлар, жумладан, АҚШда ташкил этилган ва фаолият юритаётган тўлов тизимларига тааллуқли эмас.

“Марказий банкнинг тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколати доирасида PayPal тўлов тизимидаги Ўзбекистонда муомалага чиқарилган карталарга нисбатан ўрнатилган чекловни маъмурий йўл билан бекор қилиш имконияти мавжуд эмас.

Қачонки PayPal тўлов тизими Ўзбекистонда тегишли бўлинма очиб, миллий валюта – сўмда тўловлар ва амалиётларни амалга оширмоқчи бўлса (Россияда фаолият юритаётган ООО НКО “ПейПал РУ” каби), у ҳолда амалдаги қонунчиликка кўра, PayPal Марказий банкдан тегишли лицензия олиши ва ўрнатилган тартибда назорат ва кузатув остида бўлиши талаб қилинади”, - дейилади изоҳда.

Аввалроқ, АКТ вазири Ўзбекистонда PayPal тизимига рухсат берилиши кутилаётганини айтганди.

Мавзуга оид