Жаҳон | 22:29 / 30.10.2020
6270
2 дақиқада ўқилади

АҚШда кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича навбатдаги антирекорд қайд этилди

АҚШда коронавирус билан касалланишлар сони бўйича рекордлар қайд этилиши давом этмоқда. Жумладан, 29 октябрда АҚШда 90 минг 456 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган ва бу янги антирекорд ҳисобланади. 

Фото: AP /John Minchillo

NBC News телеканалининг маълум қилишича, ушбу кўрсаткич 28 октябрдагидан деярли 10 мингтага кўпроқдир. 

АҚШда пандемия бошидан бери илк бор кунлик касалланишлар сони 90 мингдан ошди. Шунингдек, сўнгги суткада инфекциядан 982 киши вафот этган. 

Аввалроқ CNN телеканали Оқ уйнинг коронавирус бўйича ишчи гуруҳи мамлакатнинг ғарбий қисмида инфекция узлуксиз ва катта кўламда тарқалаётганидан огоҳлантирганини ва пандемияга қарши чораларни кучайтиришга чақирганини маълум қилган.  

“Биз АҚШнинг ўрта ғарбида, юқори ўрта ғарбида ва ғарбида инфекциянинг катта кўламда тарқалаётганини кузатмоқдамиз. Бу касалликнинг ҳам симптомли, ҳам симптомсиз тарқалишига қарши амалий чоралар киритилишини талаб этади”, – дейилган ишчи гуруҳ баёнотида. 

Ишчи гуруҳ ушбу ҳудудда жойлашган штатлар аҳолисини эпидемиологик хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга, жумладан, ижтимоий масофа сақлашга, гавжум жойлардан қочишга чақирган. 

Охирги маълумотларга кўра, АҚШда касалланишлар сони 9 млн.дан ошиб кетди, инфекциядан вафот этганлар сони 234 мингдан кўпроқни ташкил этмоқда. 

Мавзуга оид