20:56 / 30.10.2020
4715

АҚШда президент сайловлари арафасида қурол савдоси кескин ошди

АҚШда 3 ноябрда ўтадиган президент сайловлари арафасида ўқотар қурол ва ўқ-дори савдоси кескин ошди. 

Фото: Pixabay

Sky News нашрининг хабар беришича, ФҚБ маълумотлари сайловлар арафасида қурол савдоси ҳажми 2 мартага ошганини кўрсатмоқда. Бунинг ортида АҚШдаги энг йирик супер маркетлар тармоғи Walmart хавфсизлик нуқтаи назаридан, ўз дўконлари пештахталаридан қуролларни йиғиштириб олди. 

“Биз кўплаб тартибсизликлар гувоҳи бўлдик ва ҳамкорларимиз ҳамда мижозларимиз хавфсизлиги учун эҳтиёт чораси сифатида савдо залларидан ўқотар қурол ва ўқ-дориларни олиб ташладик”, деб айтилган Walmart баёнотида.

Президент сайловлари арафасида қурол савдоси ошгани одамларнинг ўз шахсий хавфсизлигидан хавотирга тушиб, қурол-яроғни ғамлаётгани билан тушунтирилмоқда. Шунингдек, америкаликлар сайловларда демократлар ғалаба қозонгудек бўлса, қуролга эгалик қилишга қўшимча чекловлар киритилишидан хавотирланишмоқда.

“Сайловлар доим савдоларга таъсир кўрсатади, чунки одамлар саросимага тушадилар. Бу ҳолат одамларни тўппончалари бўлмаса, уни сотиб олишга ундайди”, деб таъкидлаб ўтган Арканзасдаги қурол дўконларидан бирининг эгаси Эрин Латша.   

Top