Ўзбекистон | 14:06 / 31.10.2020
9255
9 дақиқада ўқилади

Имтиёз ёки рақобат: олий таълимни ривожлантиришда қай бири муҳимроқ?

Бу йил республика бўйлаб 1,5 миллионга яқин абитуриент ОТМларга ҳужжат топширди. Демак, шунча Ўзбекистон фуқароси олий маълумотли  бўлиш истагида бўлган. Бакалавр (кундузги, кечки ва сиртқи) йўналишлар учун қарийб 140 минг нафар абитуриент талаба бўлди. Ўртача олганда, битта ўрин учун 10 нафар абитуриент курашди.

Фото: KUN.UZ

Бу йил республика бўйлаб 1,5 миллионга яқин абитуриент ОТМларга ҳужжат топширди. Демак, шунча Ўзбекистон фуқароси олий маълумотли  бўлиш истагида бўлган. Бакалавр (кундузги, кечки ва сиртқи) йўналишлар учун қарийб 140 минг нафар абитуриент талаба бўлди. Ўртача олганда, битта ўрин учун 10 нафар абитуриент курашди.

Ушбу тенденцияга, албатта, одатий ҳолат сифатида қаралиши керак. Чунки билимлиларгина ўқишга киришга ҳақли.

Бугунги кунда амалда бўлиб турган Президент ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ олий таълим муассасаларига киришда қуйидаги имтиёзлар жорий этилган:

  • Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари,
  •  “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари,
  • “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлганлар,
  • тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари,  
  • олис чўл туманларида камида уч йилдан буён истиқомат қилаётганлар,
  • Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг бутун ўқиш даврини аъло баҳоларга ўқиган битирувчилари;
  • Ёшлар Иттифоқининг фаол аъзолари;
  • ҳарбий соҳа кадрларининг фарзандлари;
  • ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари;
  • “Темурбеклар мактаби” битирувчилари;
  • имконияти чекланган ёшлар;
  • меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари;
  • “Тарбиячи” кўрик-танлови ғолиблари;
  • Халқаро олимпиадалар ғолиблари;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар;
  • сўхлик мактаб битирувчилари учун 500 та грант.

Имтиёзларнинг бўлиши, балки, ёмон эмасдир. Давлат шу йўл билан жамиятнинг маълум қатламини янада рағбатлантиришни мақсад қилган. Аммо танганинг иккинчи тарафи ҳам бор: айрим тоифа абитуриентларига бу тарзда имтиёзлар берилиши бошқаларнинг имкониятларини чеклаб қўймаётганмикин?

Имтиёзларнинг салбий оқибатларига жорий йилдаги тест синовларида максимал (189) балл тўплаб ҳам грантга киролмаган абитуриентлар мисолида гувоҳ бўлдик. Абитуриентларнинг ҳақли норозилиги ва жамоатчилик таъсири ўлароқ максимал балл тўплаганлар ўқишга давлат гранти асосида қабул қилинди.

Имтиёзларнинг нимаси ёмон, ахир имтиёзга ҳам меҳнат билан эришилади, ёшларни билим олишга интилишини янада кучайтиришда имтиёзлар аҳамиятли, дегувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Бироқ шу билан бирга, имтиёзнинг салбий жиҳатларини ҳам кўришимиз мумкин. Турли соҳа вакиллари бу ҳақида ўз фикрларини билдиришди. 

Алишер Саъдуллаев: Имтиёз бор жойда коррупцияга йўл очилади

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев имтиёзлар ҳақида қуйидаги фикрларини айтганди:

“Ёшлар Иттифоқи томонидан бериладиган кўплаб имтиёз (ёшлар уйлари, “прописка” ва бошқалар)ларга кимдир эришаман, деб ҳаракат қилишини истамайман. Тўғри, булар ёшларга керак, рағбатнинг бир кўриниши-ку, дейдиганлар бор. Аммо, шахсий фикримга кўра, имтиёз бор жойда табақаланиш бўлиб қолади, коррупцияга йўл очилади. Имтиёз бор жойда ҳамма учун умумий бўлган, тенг имкониятлар шаклланиши қийинлашади.

Биз ҳаммамиз имтиёзлар орқали маълум мақсадимизга осонроқ эришишни истаймиз. Нимага бу ёш имтиёзга эга бўлдию, бошқаси “қуруқ қолди”, деган гапни кимдир олдимга келиб гапирса, мен жавоб беролмай қоламан ва бу адолатсизлик бўлади. Қайсидир ёш ўз меҳнати билан маълум муваффақиятга эришса, бундан хабарим бўлмаса, мен эса ўзим таниган бошқа биттасига имтиёз берсам, бу “учига чиққан” адолатсизлик бўлади-ку.

Шунақа келишмовчиликлар бўлмаслиги учун бунақа тизимни йўқ қилган яхши. Ундан кўра, ёшларда реал, кейинги ҳаётида асқотадиган билим, дунёқараш, ишончни шакллантирган афзалроқ”.

Иқтисодчи: имтиёзлар ўрнига стипендиялар, грантлар берилиши керак

Иқтисодчи, блогер Отабек Бакиров ёшларга ОТМга киришга имтиёзлар берилиши оқибатлари, камбағал оила фарзандларининг таълим олиш имкониятлари хусусида фикрларини баён этди:

“ОТМларга кириш бўйича имтиёзларнинг мавжудлиги худди бошқа иқтисодий соҳаларга, бозорларга кириш борасидаги имтиёзлар каби зарарлидир. Имтиёзлар билим олиш учун эмас, имтиёз олиш учун интилиш яратади. Бу соғлом рақобатни бузадиган бузғунчи омил. ИИВ, божхона ходимлари фарзандлари, қайсидир чекка ҳудудда туғилганлар учун имтиёз тақдим этилиши Конституция руҳига зид.

Лекин билмадим, имтиёз тақдим этаётганлар, бу ҳақда қарор қабул қилганлар ёшликда қанақадир комплексларга эга бўлишган кўринади. Улар ҳаётда, ўқишда, бизнесда фақат имтиёзлар билан яшаб келишган. Олтин медал, комсомол йўлланмаси, партия тақсимоти - эски авлод вакиллари жуда яхши эслашади. Колхоз раислари, “партком”, “райком”, “обком”ларнинг фарзандлари, асосан, шу “тирқиш”лардан фойдаланиб келишган. Менимча, бугун ўша имтиёзларни ярата туриб, улар совет носталгияларини тикламоқдалар.

 ОТМларга, у хоҳ хусусий, хоҳ давлат тасарруфида бўлсин, қайсидир тоифанинг алоҳида тартибда ўқишга киришини таъминловчи имтиёзлар умуман керак эмас. Айтайлик, олимпиада ғолиблари, зулфиячилар ёки махсус мактаб битирувчилари нега имтиёз билан ўқишга кириши керак? Нима, уларнинг билими етарли эмасми? Рақобат билан ўқишга киришдан қўрқишса, улар қандай қилиб олимпиада ё “Зулфия” мукофоти танлови ғолиблари бўлишган. Қандай қилиб махсус мактабларга киришган ва ўқишган? Имтиёзлар ўрнини бизда стипендиялар, ОТМлар қошидаги фондларнинг грантлари эгаллаши лозим. Соғлом рақобатда ўқишга кирган талаба муваффақияти фақат шундай қўллаб-қувватланиши керак. Имтиёз асосида ОТМга ўқишга кириш эмас, ОТМда муваффақиятли ўқиш дастакланиши зарур.

Камбағал оилалар фарзандларининг олий таълимга имкониятлари йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, агар мен ҳозир абитуриент бўлганимда, ўзим ўқиб тугатган ОТМга яқин йўлай олмасдим. Охирги 4 йилда ижтимоий тенгсизлик барча жабҳада ортди ва яна ортиб бормоқда. Хусусий ва элита ўқийдиган махсус мактаблар кўпайтирилган сари давлат мактабларида таълим сифати борган сари ёмонлашмоқда. Бу билан камбағал қатламнинг ОТМга имконияти ўрта таълимдаёқ қирқилмоқда.

Яъни аввал бошдаги стартдаёқ камбағалларга ўта ёмон имкониятлар қолдирилмоқда. Олий таълимга ета олмаган ёшлар учун касб-ҳунар таълими бекорга киритилмаган эди. Албатта, унинг амалда қандай ишлагани бошқа масала. Такомилига етказиш ўрнига касб-ҳунар таълими тизими янги даврда бузиб юборилди. Ёмон бўлсада, ҳунарга, қанақадир малакага эга бўлган ёшлар ўрнига ҳеч қандай малака ва ҳунарга эга бўлмаганлар армияси пайдо бўлди ва бу қатламдан қутулишнинг ягона чораси сифатида уларнинг мардикорлар сифатида Россияга юборишни афзал кўришмоқда.

Хулоса

Кўриниб турибдики, айрим тоифа абитуриентларига қўлланган имтиёзлар соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир ўтказади. Абитуриент имтиёз учун ҳаракат қилганидан кейин диққат-эътиборини фақат имтиёзга қаратади. Реал билим олиш эса иккинчи даражага тушиб қолиш эҳтимоли ортади. Бу эса кейинчалик меҳнат бозорида кадрлар сифатига таъсир ўтказадиган факторлардан бирига айланишига сабаб бўлиши мумкин. 

Билимли ёшларга имтиёз берилмаса ҳам улар кириш имтиҳонларида ўз билими билан талаба бўлиши мумкин. Лекин ўқишга киришга моддий имконияти бўлмаганлар-чи? Уларнинг тақдири нима бўлади? Ҳеч бўлмаганда, улар учун имтиёзлар жорий қилиниши керак, дегувчилар ҳам орамизда кўпчиликни ташкил қилади.

Абитуриентларга имтиёз бергандан кўра, ОТМларга кириш имтиҳонлари соддалаштирилиши, аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражасини оширишга эътибор қаратилиши керак. Энг муҳими, таълимнинг барча босқичлари: мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, олий таълим ва ундан кейинги таълим турларини ривожлантириш орқалигина ўқимишли ёшлар қатламини шакллантиришга эришиш мумкин. ОТМларга кириш учун имтиёзлар бериш орқали ёшларда ҳақиқий билим олиш ва уни амалда қўллашга рағбатлантириш эмас, балки вақтинчалик воситаларга эътиборини қаратиб қўйишга уриниш бўлаётгандек гўё. Шаклга эмас, мазмунга асосий эътибор қаратилиши керак бўлган вақт аллақачон келган, назаримда.

Имтиёзлар бўлгани яхши, аммо тенг рақобатни чекловчи ҳар қандай имтиёз пировардида яхшиликка олиб келмайди. Худди шунингдек, таълимга ҳам унинг сингдирилиши қандай оқибатларга олиб келишини ўйлаб кўриш керак. Барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва ҳуқуқлари бир хилда таъминланмас экан бир жойда депсиниб тураверамиз. 

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид