23:12 / 01.11.2020
2843

Формула-1: Люис Ҳэмилтон навбатдаги ғалабани қўлга киритди

“Мерседес” жамоаси аъзоси, амалдаги чемпион Люис Ҳэмилтон “Формула-1” пойгаларининг Италияда ўтган 13-босқичи - Эмилия-Романья гран-присида ғалаба қозонди. Бу британиялик пойгачининг фаолиятидаги 93-ғалабаси бўлди.

Фото: Getty Images

Имоладаги автодромда ўтган пойгани “Мерседес”нинг яна бир вакили Вальттери Боттас иккинчи, “Рено” аъзоси Дэниел Риккьярдо эса учинчи бўлиб якунлаган.

“Мерседес” жамоаси ўз пойгачилари - Люис Ҳэмилтон ва Вальттери Боттаснинг юқори натижалари эвазига конструкторлар кубогида муддатдан олдин ғалаба қозонди. Бу жамоанинг қаторасига еттинчи марта қўлга киритган ғалабаси ҳисобланади.

Ҳэмилтон 282 очко билан умумий жадвалда пешқадамликни сақлаб қолмоқда ва 7-чемпионлик унвони сари олға йўналмоқда. 2-ўринни 197 очко билан Боттас, 3-ўринни 162 очко билан Макс Ферстаппен эгалламоқда.

Мавсумда яна 4 та босқич ўтказилиши қолди. Пойгаларнинг кейинги босқичи Туркияда 12-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Top