Жаҳон | 09:48 / 01.11.2020
5023
2 дақиқада ўқилади

Туркияда меҳмонхоналарда яшаганлик учун солиқ олинади

Туркияда 1 ноябрдан меҳмонхоналарда яшаганлик учун солиқ киритилмоқда. Бироқ мамлакатнинг туризм соҳасида пандемия сабабли туризм соҳаси чуқур инқирозни бошдан кечираётгани сабабли унинг киритилиши кейинроққа қолдирилишига умид қилинмоқда.   

Дастлабки режага кўра, ушбу солиқ 1 апрелдан меҳмонхонада туриш ҳақининг 1 фоизи миқдорида олиниши, 2021 йил 1 январдан эса 2 фоизгача оширилиши керак эди. Бироқ март ойида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған пандемия шароитида сайёҳлик бизнесини қўллаб-қувватлаш чораси сифатида ушбу солиқ киритилиши ноябргача қолдирилишини эълон қилганди.   

Янги солиқни меҳмонхонада хонани онлайн-платформалар орқали ёки бевосита меҳмонхона ресепшенида мустақил буюртирган сайёҳлар тўлайди. Туркомпаниялар орқали саёҳат қилувчилар учун ушбу солиқ турпакет нархига автоматик равишда қўшилади.

Туркия отельерлари федерацияси раҳбари Осман Айиқнинг таъкидлашича, ушбу солиқ киритилса, Туркияда ҳордиқ чиқариш бироз қимматлашади. Унинг таъкидлашича, туркиялик отельерлар ушбу солиқ киритилишига қарши чиқишган, бироқ уларнинг фикрлари инобатга олинмаган. Ушбу солиқдан олинадиган маблағлар бюджетга йўналтирилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид