Жаҳон | 17:42 / 02.11.2020
7146
1 дақиқада ўқилади

Поляк аёлларига Швецияда аборт қилдириш таклиф қилинди

Полшалик аёллар Конституцион суднинг абортни тақиқлаш ҳақидаги қароридан сўнг Швецияга бориб у ерда ҳомилани олдириб ташлаши мумкин. Бундай таклифни Швециянинг Гендер тенглик масалалари бўйича вазири Оса Линдхаген берди.

Фото: Getty Images

«Майли, полшалик аёллар Швецияда аборт қилишсин! Қачондир Полша бизни ҳимоя қилгани каби, Швецияга ҳам поляк аёлларини ҳимоя қилиш вақти келди», – деган вазир.

Унинг айтишича, 1960 йилларда Швецияда аборт қилдириш тақиқланган ҳамда шу сабабли минглаб швециялик аёллар Полшага бориб ҳомилаларини олдириб келишган. Шунингдек, вазир Швеция томонидан полшалик аёлларга бу хизмат бепул таклиф қилинишига эришмоқчи эканлигини айтган.

Аввалроқ Полша президенти Анджей Дуда икки ҳафтадан ортиқ давом этган оммавий норозиликлардан сўнг аборт ҳақидаги фикрини ўзгартириб, ҳомила ривожланишида муаммолар бўлса уни олдириб ташлаш ҳуқуқи борлигини айтди.

2016 йилда ҳам Полшада абортни бутунлай тақиқлаш ҳақида муҳокамалар бўлган эди. Ўшанда аёлларнинг оммавий норозилиги туфайли лойиҳа бекор қилинган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид