Жамшид Қўчқоров Бухородаги табиий газ конлари фаолияти билан танишди
Табиий газ қазиб олиш ва унинг захирасини кенгайтириш, йил якунига қадар мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳамда келгуси йилда углеводородларни қазиб чиқариш ҳажмларини оширишга замин яратиш учун қилинаётган ишлар ҳолати билан танишиш ва таклифлар тайёрлаш мақсадида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухородаги табиий газ конлари фаолияти билан танишди.
Бу каби юқори даражадаги делегация биринчи маротаба Газли минтақасига чиқиб, олиб борилаётган бурғилаш жараёни ва углеводородларни қазиб чиқариш ҳолати билан яқиндан танишиб, жойлардаги ҳолатни ўрганди.
Газли нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфида жами 32 та нефть, газ ва газ конденсат конлари мавжуд бўлиб, шундан ҳозирда 21 та кондан газ ва газ конденсат хомашёлари қазиб чиқарилмоқда.
Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро вилоятидан 200 км узоқликда, Туркманистон чегарасида жойлашган «Дояхотин» ва «Саватли» конларида бўлиб, олиб борилаётган бурғилаш ишлари ҳамда ишчи-ходимлар учун яратилган яшаш ва ишлаш шароитларини ўрганди.
«Дояхотин» газ конденсат кони 1965 йилда очилган бўлиб, жами табиий газ захираси 50 млрд куб метрдан ортиқни ташкил қилган. Ҳозирги кунда кондаги 52 та қудуқдан газ ва газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.
Ташриф давомида «Дояхотин» конида бурғилаш ишлари давом эттирилаётган 84-сонли қудуқ фаолияти билан танишиб чиқилди. Қудуқ қурилиши 4 сентябрда бошланган бўлиб, ҳозирда чуқурлиги 1790 метрни ташкил этади.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бурғилаш ускунаси иш фаолияти билан яқиндан танишиб, муҳандис-техник ва ишчи-ходимлар билан суҳбатда бўлди ва қишнинг изғиринли кунларида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва қийинчиликлар борасида вазиятни ўрганди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев эса ўз навбатида ишчи-ходимларнинг самарали меҳнатлари натижасида жорий ой якунига қадар қудуқда маҳсулдор қатлам 2000–2100 метр оралиқ чуқурликкача бурғилаш ишлари олиб борилиб, 30 ноябргача саноат миқёсидаги газ оқими олиш имконияти борлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ аъзолари «2017–2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқариш хажмини кўпайтириш» дастури доирасида синов ишлари олиб борилаётган «Саватли» конининг 10-сонли эксплуатацион қудуққа ташриф буюришди.
Қудуқнинг амалдаги чуқурлиги 2100 метрни ташкил этиб, маҳсулдор қатламда синов-тадқиқот ишлари натижасида саноат миқёсида олинган газ оқими кўздан кечирилди, кунлик дебити 150 минг куб метргача кутилаётгани маълум қилинди.
Айтиш жоизки, «Саватли» газ конденсат кони 2010 йилда очилган бўлиб, конда чуқур бурғилаш ишлари натижасида 2014 йилда «Саватли №1» излов ва қидирув қудуқлари бурғиланган ва саноат миқёсида газ олинган бўлиб, тасдиқланган газ захирасининг ҳажми 4 млрд куб метрдан кўпдир.
Ташриф якуни билан ишчи гуруҳ томонидан Газли ҳудудида эксплуатацион қудуқларни бурғилаш орқали табиий газ қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш ва шу билан бирга геология-қидирув ишларини жадал олиб бориб, углеводород захираларини ўстириш чораларини кўриш лозимлиги белгиланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024