Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МИБ: Қўқонда кредитга кафил бўлган тадбиркордан 50 минг доллар ундирилди
Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 22 июлдаги 4-1502-2003/248-сонли ижро варақасига кўра асосий қарздор «AGRO GREEN CITY» МЧЖ ва кафил «Mill Progress» МЧЖдан АТ «Алоқа банк» Тошкент шаҳар Миробод филиали фойдасига 7 млрд 10 млн 359,3 минг сўм ундириш белгиланган бўлиб, Бюронинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан мазкур ижро варақа бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.

«Банкдан тақрибан 7 млрд сўм кредит олган «AGRO GREEN CITY» МЧЖ кредит қарзини тўлашдан бўйин товлагач, табиийки кредит олиниши жараёнида кафил бўлган ва ўз мол-мулкларини гаровга қўйган «Mill Progress» МЧЖдан ундирилиши белгиланган.
Ижро варақасида кўрсатилган қарздор «Mill Progress» МЧЖ мансабдор шахслари дастлаб кредит қарзини тўлашни пайсалга солиб кўрдилар, бироқ давлат ижрочиси томонидан Қўқон шаҳар Туркистон кўчасида жойлашган 2,4 гектар ер майдонидаги 177та хонадан иборат бўлган кўчмас мулк иншоотини хатлаш ишлари бошлаб юборилгач, 2020 йил 30 октябрда 50 минг АҚШ доллари ёки 517 млн сўм қисмини нақд шаклда тўлаб берди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари асосий қарздор «AGRO GREEN CITY» МЧЖ мансабдор шахсларини ҳам уйқудан уйғотди, ҳозирда қарздор тараф АТ «Алоқа банки» бошқаруви билан медиатив келишувни амалга оширишга киришиб кетган», дейилади МИБ матбуот хизмати хабарида.