Ўзбекистон | 08:08 / 03.11.2020
6095
4 дақиқада ўқилади

Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темир йўли қурилади

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Қозоғистон ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқовнинг Қозоғистон бош вазири ўринбосари Р. Скляр билан учрашуви бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашув чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ўзаро алоқаларнинг бориши атрофлича кўриб чиқилди. Машинасозлик, агросаноат мажмуаси, чорвачилик, енгил, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшма инвестициявий лойиҳалар сонини кўпайтириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.

Музокаралар кун тартиби доирасида икки томонлама савдо-сотиқнинг янада ўсишини таъминлаш, унинг таркибини диверсификация қилиш, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли шаклларини, жумладан, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Икки давлат раҳбарлари томонидан савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган вазифани фақат икки мамлакат тегишли вазирлик ва идораларининг ўзаро савдо, божхона қоидалари, стандартларини соддалаштириш ва мувофиқлаштириш, божхона ахборот тизимларини интеграциялаш, замонавий логистика марказлари қуриш, чегара пунктларини реконструкция қилиш, замонавийлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган мувофиқлаштирилган ишларини олиб бориши орқали амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.

“Марказий Осиё” Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини (ХСИҲМ) яратиш бўйича биргаликдаги амалий ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, товарларни узлуксиз етказиб бериш, транзит салоҳиятини ошириш ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари ва идоралари томонидан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ("Йўл харитаси") ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш учун зарур чоралар кўришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, ушбу соҳада мавжуд масалаларни кўриб чиқиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқиш учун мунтазам равишда икки томонлама эксперт маслаҳатлашувлари ташкил этилади.

Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ҳамда Ишбилармонлар кенгаши имкониятларидан фаол фойдаланиш, хусусий секторни икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга фаол жалб қилиш ҳақида фикр билдирди.

Транспорт коммуникацияларини ривожлантиришда стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устувор аҳамияти таъкидланди. Ҳаво йўллари орқали ташишнинг қайта тикланиши ижобий баҳоланди. Ўзбекистон ва Қозоғистон йирик шаҳарлари ўртасида халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш, Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темир йўли ҳамда “Учқудуқ – Қизилўрда” транспорт йўлаги қурилиши муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича ҳар икки мамлакат бош вазирлари ўринбосарлари якуний баённома, шунингдек, саноат кооперацияси соҳасида 22та аниқ лойиҳаларни амалга оширишни таъминлашни назарда тутган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини (“Йўл харитаси”) қабул қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид