Жаҳон | 07:54 / 04.11.2020
9512
2 дақиқада ўқилади

Дунёда рекорд сонда ҳафталик касалланиш ҳолатлари қайд этилди

Фото: ИЗВЕСТИЯ

Дунёда ўтган ҳафта ичида коронавирусга чалинганлар сони 3,3 млнга кўпайди. Бу эса пандемия бошидан бери рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Ўлимлар умумий сони 45 мингдан кўпроққа ортган. Ўтган ҳафта ундан бир ҳафта олдингига нисбатан 9 мингта кўпроқ ўлим қайд этилган

ЖССТда хабар қилинишича, касалланиш суръатларининг ошиши Европада айниқса сезиларли бўлган. Бу ерда бир ҳафта олдингига нисбатан касалланиш ҳолатлари 22 фоизга ўсган ва 1,7 млндан кўпроқни ташкил қилган. 

Аввалги ҳафталик касалланиш ҳолатлари бўйича антирекорд 19 октябрдан 25 октябргача даврда қайд этилганди ва 2,8 млндан кўпроқни ташкил қилганди.

Шимолий Америкада 26 октябрдан 1 ноябргача даврда 999 мингдан кўпроқ касалланиш ҳолати, 17 мингдан кўпроқ ўлим қайд этилган. Бу минтақада касалланганлар сони умумий ҳисобда 20 млндан, ўлимлар сони 639 мингдан ошди.

Европада ўтган ҳафта ичида 1,7 млндан кўпроқ касалланиш ҳолати қайд этилган ва умумий касалланганлар сони 11 млндан ошган. Ўлим ҳолатлари 17 мингтага кўпайиб, жами 285 мингдан ошган. 

Жануби-Шарқий Осиёда бир ҳафта ичида 381 мингдан кўпроқ киши вирусга чалинган ва уларнинг умумий сони 9 млндан ошди. Вафот этганлар сони бир ҳафта ичида 4,6 мингга кўпайиб, жами 144 мингдан ошган.

АҚШда ўтган ҳафта касалланганлар сони 549 мингга, Ҳиндистонда 319 мингга, Бразилияда эса 162 мингга кўпайган.

Охирги маълумотларга кўра, дунёда вирусга чалинганлар сони 47,8 млндан ошиб кетди, ўлимлар сони 1,22 млнтани ташкил қилмоқда.   

Мавзуга оид