Жаҳон | 12:59 / 04.11.2020
6796
1 дақиқада ўқилади

Измирда қидирув-қутқарув ишлари якунланди

Туркиянинг ғарбий қисмидаги Измир вилоятида қидирув-қутқарув ишлари якунланди. Бу ушбу минтақада юз берган кучли зилзиладан олти кун ўтиб юз берди, деб хабар қилмоқда Sabah газетаси.

Фото: Reuters

Газетанинг ёзишича, қидирувлар вайрон бўлган 17та уй жойлашган ерда тўхтаган. Кутилишича, яқин вақт ичида техника вайроналарни тозалаш ишларини бошлайди.

30 октябрь куни Эгей денгизида 7,0 балли зилзила содир бўлди. Зилзила маркази Туркиянинг Измир шаҳридан 34 километр ва Грециянинг Неон-Карловаси ҳудудидан 14 километр масофада қайд этилди.

Измирда 41та бино бутунлай вайрон бўлди, 1041та бинога қисман зарар етди. 114 киши ҳалок бўлди. Зилзила кичик цунамини ҳам келтириб чиқарди. Туркиянинг бошқа шаҳарлари, хусусан, Истанбулда ҳам ер силкиниши кучи сезилди.

Самосдаги Неон-Карловаси шаҳрида қатор иншоотлар қулаб тушди. Оролдаги бошқа бинолар ҳам жиддий зарар кўрди. Зилзила Афинада ҳам сезилган. Самосда икки киши ҳалок бўлди ва 20 киши жароҳат олди. У ерда ярим йилга фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид