Жаҳон | 23:27 / 12.11.2020
6840
2 дақиқада ўқилади

Россия Сурияга ёрдам бериш учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди

Россия Суриянинг электр тармоқлари ва саноат комплексларини тиклаш ҳамда бошқа инсонпарварлик мақсадлари учун 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратди. Бу ҳақда 11 ноябр куни Қочқинларни қайтариш бўйича Россия–Сурия идоралараро мувофиқлаштириш штаби раҳбари Михаил Мизинцев маълум қилди.

Фото: РИА Новости

«Гуманитар мақсадлар учун, электр тармоқлари ва саноат ишлаб чиқариши ҳамда диний ибодат объектларини қайта тиклашга Россия 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратди», – деди Мизинцев қочқинларни Сурияга қайтариш мавзусидаги халқаро конференцияда.

«РИА Новости» хабарига кўра, у назарда тутган маблағ қайси вақт оралиғида ажратилганига аниқлик киритмаган.

«Дамашқда рус тилида Очиқ таълим маркази самарали фаолият юритмоқда. У ерда юздан ортиқ рус тили ўқитувчилари аллақачон малака ошириш курсларидан ўтдилар. Ҳозирда Россия олий ўқув юртларида 1319 нафар Сурия фуқароси таҳсил олмоқда. 1,9 мингдан зиёд ёш мутахассислар ўқишни тугатди», – деган Михаил Мизинцев.

Унинг сўзларига кўра, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва Сурия халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш доирасида Россия вазирликлари ва идоралари таълим ва тиббиёт, атроф-муҳитни ҳимоялаш ва уй-жой қурилиши, савдо-иқтисодий ва илмий-техника йўналишларидаги лойиҳаларни изчил татбиқ этмоқда.

Шунингдек, штаб раҳбари Россия ва БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури билан 2020 ва 2021 йилларда 20 миллион доллар миқдорида Сурияга озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш учун меморандум имзолаганини ҳам эслатиб ўтган.

Мавзуга оид