Жаҳон | 21:28 / 18.11.2020
27263
2 дақиқада ўқилади

Франциялик машҳур каскадёр Дубайда ҳалок бўлди

Таниқли француз каскадёри, ҳаётлигидаёқ парашют спорти афсонасига айланган Винс Реффе Дубайда реактив учиш мосламаси билан машғулот ўтказиш вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда унинг жамоаси Jetman маълум қилди.   

Фото: Vincent Thian/AP

“Темир одам” номи билан ҳам маълум бўлган 36 ёшли каскадёрнинг ўлимига бахтсиз ҳодиса сабаб бўлган. Воқеанинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.    

“Jetman учувчиси Винсент Реффе 17 ноябр эрталаб Дубайда машғулот вақтида ҳалок бўлганини чуқур қайғу билан маълум қиламиз”, деб хабар қилган жамоа Instagram’да.

Реффе кўплаб эсда қоладиган трюклар бажарган, бироқ биринчи навбатда Дубай соҳиллари узра Jetman реактив мосламаси билан амалга оширган парвозлари билан ном қозонган эди. Учувчи орқасига ўрнатилувчи 4 моторли қанотдан иборат мослама 400 км/соатгача тезлик билан парвоз қилиш имконини беради.

Реффе Jetman’ни ихтиро қилган швейцариялик Ив Росси билан 2015 йил Дубайда ўзининг машҳур парвозини амалга оширганди: улар реактив мосламалар ёрдамида осмонда Airbus A380 самолёти билан ёнма-ён учиб боришган ва дунёдаги энг баланд бино Бурж-Ҳалифа атрофини айланиб чиқишган. 

Бундан ташқари, Реффе машҳур трюкларидан бирини Швейцарияда амалга оширган. У Юнгфрау тоғидан вингсьют қурилмасида сакраб, парвоздаги самолёт ичига учиб киришга муваффақ бўлган. 

Жорий йил февралида эса каскадёр ҳамкасблари ичида биринчи бўлиб реактив мосламада ердан кўтарилишга муваффақ бўлганди. Бунгача ушбу мослама билан парвозлар фақатгина баландликдан ва учиб кетаётган самолётлардан амалга оширилган. Реффе ушбу уриниши вақтида 100 метр баландликка 10 сонияда кўтарила олган. Ушбу трюкдан кейин Реффенинг мухлислари уни “Темир одам” деб атай бошлашган.

“Бу эркинлик ҳиссидир. Бу машина билан мен қуш каби уча оламан”, деб айтган ўшанда Реффе парвоздан кейин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид