Жаҳон | 13:20 / 18.11.2020
13455
1 дақиқада ўқилади

Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани таништирди

Янги Зеландияда ҳижоб услубидаги полиция формаси ҳам расмий форма сифатида тасдиқанди. Бунинг билан муслималарни ҳам бу касбни бемалол танлаш учун рағбатлантириш мақсад қилинган.

Фото: NEW ZEALAND POLICE

BBC’нинг ёзишича, Янги Зеландия полициясида ҳижоб услубидаги формалар устида иш 2018 йилда ўрта мактабларга ташриф буюрган полиция ходимлари сўровига биноан бошланган. Тасдиқланган форма мамлакатнинг турфа хил қарашдаги одамларига инклюзив тарзда хизмат кўрсатишга ёрдам бериши мумкин. 

Констебл Зина Али бундай форма кийишни сўраган биринчи ходим ва у формани ишлаб чиқиш жараёнига таклиф қилинган. Зина ҳижоб формасини кийган Янги Зеландиядаги биринчи ходим ҳам бўлди.

“Мен муслима аёллар ҳам полицияда кўпроқ ишлаши кераклигини ҳис қиламан. Янги Зеландияда ҳижоб полиция формасининг бир қисми сифатида намойиш қилиниши жуда яхши. Ўйлайманки, буни кўрган муслималар полиция соҳасига кўпроқ қизиқиши мумкин”, – дейди Зина Али.

Янги Зеландиядан ташқари, ҳижоб услубидаги формаларга Лондон метрополитен полициясида 2006 йилда, Шотландияда эса 2016 йилда рухсат берилган. 

Мавзуга оид