Ўзбекистон | 09:22 / 20.11.2020
3128
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё инвестиция жамғармаси ташкил этилади

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

2020 йилнинг 18 ноябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер билан учрашди.

Учрашувда томонлар А. Болернинг 29 июн – 1 июл кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар, шунингдек саноат, хизмат кўрсатиш ва инфратузилмани ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва янги технологияларни жалб қилишда икки томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболларини белгилаб олдилар.

Ўзбекистон томони DFC иштирокида Ўзбекистонда нефт-газ, энергетика, кимё, транспорт, қурилиш, банк, фармацевтика ва бошқа иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини қайд этди. Шу нуқтайи назардан, Америка корпорацияси раҳбари йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга йўналтириладиган Марказий Осиё инвестиция жамғармасини ташкил этишга қизиқишини тасдиқлади.

Афғонистон инфратузилмасини яхшилаш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклаш Ўзбекистон билан DFC ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболли йўналиши ҳисобланади. Томонлар жорий йилнинг май ойида бошланган «Ўзбекистон-Афғонистон-АҚШ» уч томонлама ҳамкорлик шакли доирасида мулоқотни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар, дейилади ТИВ хабарида

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид