Жаҳон | 04:46 / 21.11.2020
26260
1 дақиқада ўқилади

Австралия 39 нафар фуқаросининг вафоти учун Афғонистондан кечирим сўради

Фото: Википедия

Австралия бош вазири Скотт Моррисон 39 нафар афғонистонлик тинч аҳоли вакили австралиялик аскарлар томонидан ўлдирилгани маълум бўлгач, Афғонистон президенти Ашраф Ғанига қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик билдирди.

Моррисон Ашраф Ғани билан телефонда суҳбатлашиб, баъзи австралиялик аскарларнинг ўз вазифасини суиистеъмол қилганидан қаттиқ афсусдалигини маълум қилиб, бу иш юзасидан терговлар адолатли ўтишига ваъда берган.

Австралия ташқи ишлар вазири Мэрис Пэйн ҳам афғонистонлик ҳамкасбига узр хати ёзган. Олдинроқ Австралия мудофаа вазирлиги мамлакат армияси махсус кучлари томонидан Афғонистонда 39 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилгани маълум бўлганди.

Ҳисоботда австралиялик аскарлар ўз қилмишларини яшириш мақсадида жасадлар қўлига қурол ва бомба тутқизгани айтилган. Тўрт йиллик тергов ҳаракатлари бўйича тайёрланган ва афғон фуқароларининг ўлдирилишини исботловчи ишончли далиллар келтирилган ҳисобот Австралия Бош штаби бошлиғи генерал Ангус Кэмпбелл томонидан эълон қилинган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид