11:23 / 23.11.2020
70431

Жаҳон банки Орол денгизи қуришининг асосий сабабини маълум қилди

Орол денгизи минтақасида ерни қайта тиклаш бўйича илғор технологиялар халқаро танлови эълон қилинди. У қатор халқаро институтлар томонидан ўтказилмоқда.

Жаҳон банки, Глобал ландшафт форуми (GLF), Қозоғистон-Германия университети (DKU) ва Plug and Play (P&P) ушбу танловда иштирок этиш учун олим ва мутахассислардан аризалар қабул қилмоқда. 

Танлов Марказий Осиё учун Сув-энергетика дастури (CAWEP) кўмагида ўтказилмоқда ва Жаҳон банкининг Марказий Осиёда барқарор ландшафт дастури RESILAND CA+’ни амалга оширишга ҳисса қўшади. 

Жаҳон банки хабарида айтилишича, 1960-йилларга қадар Орол денгизи энг катта кўллар бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган.
 
«Аммо, деярли 30 йил давомида сув ресурсларидан турли экинлар, шу жумладан пахта ва гуруч етиштириш учун фойдаланилгани натижасида у деярли бутунлай йўқ бўлиб кетди. Бу Марказий Осиё мамлакатлари экологияси ва иқтисодиёти учун фалокатли оқибатларга олиб келди, шунингдек ушбу минтақада яшовчи миллионлаб одамларнинг фаровонлиги ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатди», - дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон чўлланиш ва ерларнинг таназзулидан азият чекмоқда. Орол денгизи фалокати оқибатлари қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигига, чорвачиликка ва маҳаллий аҳоли турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аввалги денгиз тубининг 5,5 миллион гектар майдонида пайдо бўлган ва иккала давлат ҳудудини қамраб олган Оролқум чўли бу жараённи сезиларли даражада тезлаштирди.

Юқорида айтиб ўтилган ташкилотларнинг фикрича, эълон қилинган танлов Орол денгизи минтақасидаги маҳаллий экотизимларга салбий таъсирни юмшатиш учун фойдаланиладиган илғор инновацион ечимларни жалб қилишга ёрдам беради. Шунингдек, танловда минтақа ерларини барқарор иқтисодий ривожлантириш учун зарур бўлган ечимларга эътибор қаратилади.

Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари қуйи оқимидаги мамлакатлар йирик ГЭСлар қурилиши Орол денгизи ва минтақа экологиясига асосий хавф эканлигини бир неча бор таъкидлади.

Top