Жаҳон | 22:40 / 23.01.2026
587
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Марказий Осиёда биринчи электр энергия бозори яратилишини қўллаб-қувватлайди

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши 22 январ куни «Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ва энергия тизимлари интеграцияси» (REMIT) дастурини тасдиқлади. Дастурни амалга ошириш 10 йил давом этади. У уч босқичга бўлинган бўлиб, уларнинг асосий мақсади минтақа энергетикасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Фото: vsemirnyjbank.org

Дастур Марказий Осиёда биринчи электр энергия бозорини яратиш, минтақавий савдони ривожлантириш, электр узатиш тизимларининг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг минтақа мамлакатлари энергия тизимларига кенг кўламли интеграцияси учун асос яратишга қаратилган.

REMIT дастурининг биринчи босқичи доирасида Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг «Энергия» мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази дастурнинг тегишли тадбирларини амалга ошириш учун умумий қиймати 143,2 миллион долларлик грантлар ва имтиёзли молиялаштиришни олади.

Ушбу маблағлар Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси (MAP) ресурсларидан 140 миллион доллар ва Марказий Осиё учун сув-энергетика дастури (CAWEP) грантлари шаклида 3,2 миллион долларни ўз ичига олади.

Марказий Осиё учун сув-энергетика дастури (CAWEP) Жаҳон банки томонидан Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия билан ҳамкорликда бошқариладиган донорлик мақсадли жамғармаси ҳисобланади. Дастур минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатларида сув ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Марказий Осиёда электр энергиясига бўлган талаб тез суръатлар билан ўсиб бормоқда ва ҳозирги тенденциялардан келиб чиқиб, 2050 йилга бориб уч баробар ошиши мумкин. Минтақа иқтисодиётининг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши, саноатнинг ривожланиши ва шаҳарларнинг кенгайиши билан арзон, ишончли ва барқарор энергияга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Энергия хавфсизлиги ва арзонлигини ошириш учун катта салоҳиятга қарамай, Марказий Осиёда электр энергияси савдоси ҳали ҳам чекланган бўлиб қолмоқда ва электр энергиясига бўлган умумий талабнинг атиги 3 фоизини ташкил этади. Қайта тикланадиган энергия манбалари электр энергияси ишлаб чиқаришнинг атиги 4 фоизини ташкил қилади, гарчи минтақа бой ва бир-бирини тўлдирувчи тоза энергия ресурсларига эга бўлса-да, улар ҳали ҳам тўлиқ фойдаланилмаяпти.

REMIT дастури минтақанинг бир-бирини тўлдирувчи энергия ресурсларидан, жумладан, Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэнергетика, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги иссиқлик электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ўсиб бораётган қуёш ва шамол энергияси салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган.

Кейинги ўн йил ичида REMIT дастури электр энергияси савдоси ҳажмини йилига камида 15 000 Гвт·соатгача оширишга ёрдам беради - бу бутун Марказий Осиё бўйлаб миллионлаб одамларнинг йиллик эҳтиёжларини қондириш учун етарли. Шунингдек, у электр узатиш линияларининг ўтказувчанлик қобилиятини 16 ГВт гача уч баравардан кўпроққа оширишга, шунингдек, минтақа мамлакатларининг энергия тизимларига 9 ГВт гача тоза энергия қувватларини интеграциялашувини таъминлашга ёрдам беради.

Минтақавий энергетика интеграциясини мустаҳкамлаш янада мувозанатли ва барқарор энергия тизимини яратиш, электр таъминотидаги узилишларни камайтириш, уй хўжаликлари ва бизнес учун энергия нархини пасайтириш имконини беради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид