10:06 / 24.11.2020
6950

Илон Маск Bloomberg’нинг энг бой одамлар рўйхатида 2-ўринга кўтарилиб олди

Фото: AP

Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари, америкалик тадбиркор Илон Маск 23 ноябрда Bloomberg ахборот агентлигининг энг бой одамлар рўйхатида 2-ўринга кўтарилди.

Маскнинг бойлиги Tesla акциялари нархи ошиши ортида 7,2 млрд долларга кўпайиб, умумий ҳисобда 128 млрд долларга етди. У бу кўрсаткич бўйича Microsoft асосчиси Билл Гейтсдан ўзиб кетди. Гейтс 127,7 млрд доллар билан 3-ўринга тушди. Microsoft асосчиси 8 йил ичида иккинчи марта 2-ўриндан пастга тушмоқда. Рейтинг тузувчиларининг таъкидлашича, агар Гейтс хайрия билан камроқ шуғулланганда, унинг бойлиги ҳозиргидан кўпроқ бўларди.

1-ўринни эса Amazon раҳбари Жефф Безос 182 млрд доллар бойлик билан эгалламоқда.

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, Маскнинг бойлиги охирги 12 ой ичида тахминан 100 млрд долларга кўпайган. Таъкидланишича, дунёнинг энг бой 500 кишиси орасида ҳеч ким бундай давр ичида ўз бойлигини бунчалик кўпайтира олмаган. Ваҳоланки, январда миллиардер Bloomberg рўйхатида 35-ўринни эгаллаётганди. 

17 ноябрда эса Tesla раҳбари бир кун ичида 10 млрд долларга бойигани маълум қилинганди. Ўшанда унинг бойлиги 99,3 млрд долларга баҳоланган. Маскнинг бойлиги кўпайишига асосий омил Tesla капиталлашуви ошиши ҳисобланади. Жорий йил январида компания қиймати 100 млрд долларни ташкил қилган бўлса, ҳозирда у 500 млрд долларга баҳоланмоқда. 

Рейтинг муаллифларининг таъкидлашича, 2020 йил пандемияга қарамай, дунёнинг энг бой одамлари учун сердаромад бўлди. Улар жорий йил ичида 1,3 трлн долларга бойишга улгуришди.

Top