Ўзбекистон | 22:25 / 26.11.2020
24093
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мураккаб фирибгарлик жиноятлари авжига чиқяпти — Олий суд судьяси

«Бу нимага арзон, нега бунчалик осон ҳал бўляпти – фуқаролар масалага шу томондан қарашлари орқали фирибгарликнинг олдини олишлари мумкин», – дейди судья Шамсиддин Тожиев.

Тошкентда ўтказилаётган оммавий қабуллар ҳафталиги доирасида, 25 ноябр куни суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари иштирокида сайёр қабул ташкил қилинди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, сайёр қабулда анчагина кўп одам йиғилган. Шикоятларнинг асосий қисми Олий суд ва Бош прокуратура тизимига тўғри келади.

Олий суд судьяси Шамсиддин Тожиев Олий судга шикоятлар кўплигини изоҳлаб, буларнинг аксари – фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар эканини таъкидлади. «Бу тоифа ишларда икки тараф бор: бир тараф рози бўлгани билан, иккинчи тараф норози бўлиши табиий», – деди у.

Олий суд судьясининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда мураккаб тоифадаги фирибгарлик жиноятлари авжига чиқяпти.

Олий суд судьяси Шамсиддин Тожиев

«Кўп ҳолларда бунга фуқароларимизнинг ишонувчанлиги сабаб бўлмоқда. Фирибгарлик жиноятларининг олдини олиш бўйича чоралар кўрамиз, лекин аввало фуқароларимиз ўзлари ҳар бир ҳолатга ишониб кетавермасдан, қонуний йўл тутишса, бу жиноятларнинг олдини олади.

Ҳозир автомашина, уй олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарликлар кўпайяпти. Бунинг ҳаммаси фуқаро масалани қонуний йўл билан ҳал этиш чорасини кўрмай, осонгина йўл билан мақсадига эришиш ҳаракатидан келиб чиқади. Бу нимага арзон, нега бунчалик осон ҳал бўляпти – фуқаролар масалага шу томондан қарашлари орқали фирибгарликнинг олдини олишлари мумкин», – деди судья Шамсиддин Тожиев.

Маълум қилинишича, мазкур сайёр қабулда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан 414 нафар мурожаатчининг 431 та масаласи кўриб чиқилган. Уларнинг 86 тасига шу ернинг ўзида ечим топилган; 95 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган; қолган 250 та мурожаат юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланган.

Мавзуга оид