21:39 / 26.11.2020
6726

Xiaomi 5G’ни қўллаб-қувватловчи янги Redmi Note смартфонларини тақдим этди  

Xiaomi компаниясининг Redmi бренди Хитойда Redmi Note смартфонларининг янги авлодини тақдим этди. Хитойда ушбу смартфонлар Redmi Note’нинг 9-авлоддаги моделлари ҳисобланса-да, бутун дунёда бу ном остида бошқа телефонлар сотилади. 

Фото: Xiaomi

Янги моделлар қаторида энг қимматбаҳо смартфон Redmi Note 9 Pro 5G ҳисобланади. У 5G тармоғини қўллаб-қувватловчи янги Snapdragon 750G процессори негизида қурилган. Смартфон 6,67 дюймли экран, 4та модулли асосий камера билан жиҳозланган. Камера модулларидан асосийси 108 Мп сифат билан суратга олади. Гаджет, шунингдек, 3,5 ммли аудиоразъём, 4820 мА-соатли аккумулятор олган бўлиб, 3та конфигурацияга эга: 6 Гб тезкор хотира/128 Гб доимий хотира, 8 Гб тезкор хотира/128 Гб доимий хотира ва 8 Гб тезкор хотира/256 Гб доимий хотира.

Янги Redmi Note моделлар қаторида ўртамиёна модел Redmi Note 9 5G бўлиб, у 6,53 дюймли экран ва MediaTek Dimensity 800U процессори билан жиҳозланган. Гаджет 48, 8 ва 2 Мпли учта камерага эга. Смартфоннинг батареяси сиғими 5000 мА-соатни ташкил қилиб, у 18 ваттли қувватлаш қурилмасидан қувватланади. Ушбу смартфон ҳам юқорида келтирилган смартфондагидек 3та конфигурацияда тақдим этилади.

Ва ниҳоят, моделлар қаторидан ўрин олган энг арзон смартфон Redmi Note 9 бўлиб, у қолган икки моделдан камера блоки, корпус қопқоғи ва экран юқорисидаги томчисимон ботиқ билан фарқланади. Смартфон 5G’ни қўллаб-қувватламайди ва Snapdragon 662 процессорида ишлайди. Бироқ у моделлар ичида энг кучли батареяга эга: унинг сиғими 6000 мА-соатни ташкил қилади. 

Хитойда Redmi Note 9 Pro 5G 243 доллардан, Redmi Note 9 5G 197 доллардан, Redmi Note 9 эса 151 доллардан бошлаб сотилади. Смартфонларнинг жаҳон бозорига чиқарилиши ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас. Жаҳон бозорида эҳтимол улар бошқа ном билан, мисол учун, Redmi Note 10 номи билан сотувга чиқарилиши мумкин.  

Top