08:00 / 27.11.2020
9135

Франция ҳукумати Тоғли Қорабоғ республикасини тан олишдан бош тортди 

Фото: Укринформ

Франция ҳукумати Тоғли Қорабоғ республикасини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Франция ташқи ишлар вазирлиги вакили маълум қилди. 

“Сенатда овоз беришдан олдинги муҳокамалар вақтида туризм бўйича давлат котиби Жан-Батист Лемуан Франция ҳукуматининг бу масала бўйича позициясини эслатиб ўтди: Франция ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ республикасини тан олмайди”, деб айтган манба. 

Аввалроқ Франция сенати ҳукуматни Тоғли Қорабоғни тан олишга чақирувчи резолюцияни қабул қилганди. Резолюция лойиҳасини 305 депутат қўллаб-қувватлаган, фақат бир депутат – Франция ташқи ишлар вазирлигидаги давлат котиби Жан-Батист Лемуан унга қарши чиққан. У бу ташаббусни танқид қилиб, Тоғли Қорабоғнинг бир томонлама тан олиниши ҳеч кимга фойда бўлмаслигини ҳамда воситачилик саъй-ҳаракатларига хизмат қилмаслигини айтган.

Ўз навбатида, Озарбойжон ҳукумати резолюцияни бефойда бир варақ қоғоз деб баҳолаган. Бундан ташқари, Боку Франция элчисига ушбу резолюция юзасидан норозилик нотаси топширган. 

Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса ҳужжатнинг қабул қилинишини қутлаб, уни “тарихий қарор” деб атаган.

Top