Спорт | 00:21 / 30.11.2020
2931
2 дақиқада ўқилади

Формула-1: Люис Ҳэмилтон Баҳрайн гран-присида ғалаба қозонди

Фото: Twitter/F1

Mercedes жамоаси аъзоси, британиялик пойгачи Люис Ҳэмилтон Баҳрайнда ўтказилиши режалаштирилган икки босқичдан биринчисида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, ушбу босқичдаги ғалаба Ҳэмилтон учун ҳеч нарсани ҳал қилмасди, чунки у Туркияда ўтган аввалги босқичда чемпионликни муддатдан олдин расмийлаштириб қўйганди.

Баҳрайндаги пойгада 2- ва 3-ўринларни Red Bull аъзолари Макс Ферстаппен ва Александер Албон эгаллади. 

Пойга бир нечта кўнгилсиз ҳодисалар билан кечди ва уни 3 пойгачи якунлай олмади. Пойга бошида Haas аъзоси Ромен Грожаннинг болиди “Алфа Таури” аъзоси Даниил Квят болиди билан тўқнашиб кетгандан кейин тўсиққа урилган ва зарба натижасида портлаб кетган. Грожан машинадан чиқиб олишга муваффақ бўлган, бироқ уни эҳтиёт чораси сифатида шифохонага олиб кетишга тўғри келган. Ушбу тўқнашув пойганинг 1,5 соат тўхтаб қолишига сабаб бўлган. 

Пойга давом эттирилгандан кўп ўтмай “Рейсинг Пойнт” аъзоси Лэнс Стролл болиди тўнкарилиб, трасса четига чиқиб кетган. Финишга икки айлана қолганда эса Строллнинг жамоадоши Серхио Перес болидининг мотори ёниб кетгани сабабли пойгадан чиқиб кетган.

Ушбу ғалабадан кейин Ҳэмилтоннинг умумий очколари сони 322 очкога етди. Умумий жадвалда ундан кейин 2-ўринни 201 очко билан Валттери Боттас, 3-ўринни эса 189 очко билан Ферстаппен эгалламоқда.

Ҳэмилтон ушбу пойгада 7 карра жаҳон чемпиони сифатида иштирок этди. У Туркияда ўтган аввалги босқичда муддатдан олдин чемпионликни расмийлаштириб, чемпионлик унвонлари сони бўйича афсонавий Михаэл Шумахерга етиб олганди. Бундан ташқари, ушбу ғалаба британияликнинг фаолиятидаги 95 ғалаба бўлди ва у бу борада тарихдаги энг яхши натижага эга.

Пойганинг кейинги босқичи ҳам Баҳрайнда 4-6 декабр кунлари бўлиб ўтади.

Мавзуга оид